07:46 / 27.01.2022
2732

Маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш дастури қабул қилинди

Президентнинг “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш тизими қуйидагиларни назарда тутади: 

самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) баҳолаш тизимини жорий этиш: 

  • тармоқ раҳбарлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимлар - янги турларни ўзлаштириш орқали ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар билан тўлдириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, импортни мақбуллаштириш учун;
  • тармоқлар раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари ва ҳокимларнинг маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ёрдамчилари - ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини ўрнатиш ҳамда ривожлантириш, ҳамкорларга ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар техник параметрлари ва сифатини тегишли талаблар ва стандартларга мослаштиришга кўмаклашиш учун;
  • инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида маҳаллий маҳсулотлар контентини кенгайтириш бўйича рақобатбардош шароитлар яратиш:
  • йирик инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендерлар ўтказиш жараёнида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларнинг қатнашиш имкониятларини кенгайтириш;
  • ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштирадиган тендер савдолари иштирокчиларига асосий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун тез эскирадиган ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ўрта муддатли кафолатланган шартларда харид қилиш бўйича имкониятлар бериш;
  • хорижий ва маҳаллий инновацион технологиялар трансферини молиялаштиришнинг самарали тизимини яратиш;
  • ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирадиган корхоналарнинг ходимларини уларнинг бошқарув органлари томонидан тасдиқланган шартлар ва тартиблар асосида рағбатлантириш.

2022 йилга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури тасдиқланди, у қуйидагиларни ўз ичига олади: 

  • маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг прогноз параметрлари;
  • янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш йиғма кўрсаткичлари;
  • иқтисодиёт тармоқлари томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати;
  • ҳудудий корхоналар томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати ва бошқалар.
Top