Жаҳон | 15:20 / 30.01.2022
18584
2 дақиқада ўқилади

Washington Post: Украина разведкасининг махфий материаллари Киевдан олиб кетилди

Украина разведкаси махфий материаллар ва махсус жиҳозларини Киевдаги штаб-квартирасидан Украина ғарбидаги хавфсиз жойга олиб кетган. Бу ҳақда The Washington Post газетаси ўз манбасига таяниб хабар бермоқда.

Нашрнинг қайд этишича, махфий ҳужжатлар олиб кетилиши,  шунингдек, иттифоқчилардан қурол-яроғ етказиб берилиши Украинанинг урушга тайёрланаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукуматидаги аноним мансабдорлардан бири Украина президенти Владимир Зеленскийнинг администрацияси ва украин ҳарбийлари россияликлар босқини эҳтимолига турлича ёндашаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Зеленский ва унинг маслаҳатчилари айтаётган гаплар билан ҳарбийлар ва разведка маълумотлари ўртасида жиддий фарқ мавжуд.

  • Россия бир неча ойдан буён Украина чегаралари яқинида қўшин тўпламоқда, шу туфайли Ғарб давлатлари Россия Украинага бостириб киришини тахмин қилишмоқда. Москвадагилар буни қатъиян рад этади, қўшинлар чегарага олиб келинишини машғулотлар билан изоҳлайди. Ғарб мамлакатлари россиялик ҳарбийлар юриш бошласа, ушбу мамлакатга қатъий санкциялар жорий этишни ваъда қилишмоқда. Бу воқеалар фонида АҚШ, Буюк Британия ва Германия Киевдан дипломатларининг оила аъзоларини, шунингдек ходимларнинг бир қисмини эвакуация қилишга қарор қилган.

Мавзуга оид