19:09 / 01.02.2022
17879

Қизчасини айиқ яшайдиган вольерга ташлаб юборган аёл руҳий хасталикка чалингани тасдиқланди

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, аёл 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туради.

Бош прокуратура ахборот хизмати Тошкент ҳайвонот боғида содир бўлган воқеа бўйича янги тафсилотларни очиқлади.

“Тошкент ҳайвонот боғида она 3 ёшли қизини айиқлар вольерига ташлаб юборганлиги билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Иш бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган аёл 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турганлиги маълум бўлди.

Айбланувчининг жиноят содир қилган пайтдаги руҳий ҳолатини аниқлаш юзасидан тергов органи томонидан суд-психиатрия экспертизаси тайинланган”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Тергов ҳаракатлари давом этаётгани қўшимча қилинган.

Аввалроқ Kun.uz ўз манбаларига таяниб, қизини йиртқич ҳайвон сақланадиган жойга улоқтирган она руҳий хасталикка чалингани боис тегишли рўйхатда туриши ҳақида хабар берганди.

Аёлнинг отаси Йўлдош Тўлаганов қизи руҳий-асаб касалликлари рўйхатида туришини тасдиқлаган, унда касаллик аломатлари бир ярим йилча аввал пайдо бўлгани, бунга у келин бўлиб тушган оиладаги муҳит, эри томонидан муттасил калтаклангани сабаб бўлганини маълум қилганди.

Воқеалар ривожи

28 январь куни соат тахминан 12лар атрофида номаълум аёл кичкина қизчани Тошкент ҳайвонот боғининг Зузу лақабли айиқ сақланадиган вольерга ташлаб юборади. Бу воқеани ўткинчилар кўриб қолиб, ҳайвонот боғининг хавфсизлик бўлими ходими Эргаш Маматовга хабар беришади. У ўз навбатида ҳайвонот боғининг Йиртқичлар бўлими мудири Нодир Баҳромовга телефон қилиб, содир бўлган ҳодиса ҳақида ахборот беради.

Масъул ходимларнинг зудлик билан кўрган чора-тадбирлари натижасида қизча вольер ичидаги ҳовузга қулаганидан 2-2,5 дақиқа ўтиб, Зузу ички қафасга киритилади ва ходимлар бошқа эшикдан вольерга кириб, қизчани олиб чиқишади.

Жабрланувчига ҳайвонот боғи ҳамшираси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилади. Сўнгра у тез тиббий ёрдам хизмати машинасида шифохонага олиб кетилади.

Суриштирувлар давомида жабрланувчи 3 ёшу 3 ойлик Зарина Аҳадова экани, қизчани вольерга ташлаб юборган аёл эса унинг 30 ёшдаги онаси Зилола Тўлаганова экани ойдинлашди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўтказилган рентгенологик, томография текширувларидан сўнг болага очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши ташхислари қўйилади. Шифохонага олиб келинган вақтда 5 метр баландликдан бетон қопламали бетон юзага йиқилган боланинг боши ёрилган, шунингдек, юз қисмида ҳам жароҳат борлиги маълум бўлди. Бир кун реанимация бўлимида муолажа олган бола эртаси куни Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлимига ўтказилади.

Юнусобод тумани прокуратураси терговчиси Отабек Бозоровга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Она эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Нодир Баҳромовнинг айтишича, 24 йил аввал очилган Тошкент ҳайвонот боғида бундай воқеа шу пайтгача кузатилмаган. Зузу лақабли айиқ 2016 йилда туғилган, жинси эркак. У бу ерга 2017 йилда Бокудаги ҳайвонот боғидан олиб келинган. Мутахассис табиатда эркак айиқ ҳатто ўзининг болалари учраб қолса, уларни еб қўйиши ёки ўлдиришини айтиб, Зузу болага зиён етказмаганлиги Аллоҳнинг марҳамати эканини таъкидлади.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Тошкент ҳайвонот боғи маъмурияти рўй берган воқеадан сўнг, Заринанинг даволаниши учун кетадиган харажатларни ўз зиммасига олганини, кейинчалик эса қизалоқ ва унинг акасига зоопаркка бир умр бепул кириш имкониятини тақдим этганини эълон қилди.

31 январь куни Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бориб, қизчанинг ҳолидан хабар олишганини маълум қилди. Хабарда Заринанинг кайфияти яхши экани, шифокорлар томонидан унинг ҳолати турғун дея баҳоланаётгани таъкидланади.

Top