Ўзбекистон | 08:42 / 05.02.2022
7925
2 дақиқада ўқилади

Нукусда автомобил йўлини тўсиб қўйган шахсларга жазо тайинланди

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида кўп сонли одамлар автомобиль йўлини тўсиб қўйгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Давран Елмуратовга кўра, 2-феврал куни бир гуруҳ фуқаролар Нукус деҳқон бозори атрофидаги автомобил йўлини тўсиб қўйган.

Жамоат тартибини бузган шахслар устидан маъмурий суд иши Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судида кўриб чиқилган. Унга кўра, жамоат тартибини бузган 3 нафар шахснинг ҳар бирига 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланган.

Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига кўра йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузишган.

Бундан олдин Кегейли туманида 20 нафар аёл ишсизлик нафақасини тўлаш кечиктирилгани учун йўлни тўсиб қўйганди.

Аввалроқ эса нафақа пуллари берилмагани учун Нукусдаги бир гуруҳ аёллар Аллаяр Досназаров кўчасида йўлни тўсиб қўйишганди.

Мавзуга оид