23:10 / 08.02.2022
9976

Исроил-Фаластин низосини тинч йўл билан ҳал этиш режаси ишлаб чиқилди

Режага кўра, Исроил ва Фаластин алоҳида ҳукуматларга эга бўлади, аммо хавфсизлик, инфратузилма ва бошқа масалалар бўйича ҳаракатларини юқори даражада мувофиқлаштиради.

Фото: Getty Images

Исроил ва Фаластин сиёсий арбоблари Йоси Бейлин ва Ҳиба Ҳусайний Исроил ва Фаластин низосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича янги режани таклиф қилди. Associated Press агентлигининг хабар беришича, режа доирасида икки энтитетдан иборат конфедератив давлат тузиш таклиф қилинган. 

Фаластин давлати Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторидан иборат бўлади. Бунда Ғарбий қирғоқдаги яҳудийлар масканлари масаласи қуйидагича ҳал этилади: чегара ҳудудлардаги масканлар Фаластинга мазкур масканларга тенг ҳудудларни бериш эвазига Исроил назоратига ўтади.

Эҳтимолий чегарадан узоқда яшайдиган яҳудийларга яшаш жойини ўзгартириш ёки Фаластинда яшаш гувоҳномасини олиш таклиф қилинади. Исроилда ҳам шунча нафар фаластинлик қочқинларга яшаш гувоҳномаси берилади.

Режага кўра, Исроил ва Фаластин алоҳида ҳукуматларга эга бўлади, аммо хавфсизлик, инфратузилма ва бошқа масалалар бўйича ҳаракатларини юқори даражада мувофиқлаштиради.

Исроил ва Фаластин маъмуриятлари мазкур ташаббусга изоҳ бермади.

Бейлин ва Ҳусайний келаси ҳафтада ўз режаларини АҚШ давлат котибининг ўринбосари Венди Шерман ва БМТ бош котиби Антониу Гутерришга тақдим этади.

Top