Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурдотаржимонларни тайёрлаш давлат маркази ташкил этилади
Президентнинг “Ўзбекистонда сурдотаржимонларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат муассасаси шаклида “Имо-ишора тилини ривожлантириш, сурдотаржимонларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” давлат маркази ва унинг минтақавий филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Қуйидагилар “Имо-ишора тилини ривожлантириш, сурдотаржимонларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” давлат маркази ва унинг минтақавий филиалларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
- халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда республикада имо-ишора тилини ривожлантириш чораларини кўриш;
- илмий асосланган, замонавий атамаларнинг янги имо-ишораларини истеъмолга киритиш;
- халқаро имо-ишора тилида фаолият олиб борадиган сурдотаржимон, сурдопедагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;
- сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларни узлуксиз қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган илғор механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш;
- имо-ишора тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
- сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириш асосида улар фаолиятини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳаларидаги кўникмаларини ривожлантириш;
- юқори самарали замонавий таълим ва инновацион технологиялар, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларнинг малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини доимий янгилаб бориш, улар фаолиятини зарур даражада ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлаш чораларини кўриш;
- сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларда интернет ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, илғор таржимонлик, педагогика, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш, уларни ўз фаолиятига фаол татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;
- сурдотаржимонлар ва сурдопедагоглар учун табақалаштирилган узлуксиз малака ошириш жараёнларини ривожлантириш асосида малака оширишнинг муқобил шаклларини жорий этиш;
- имо-ишора тилини ривожлантириш соҳасида фаолият олиб борувчи хорижий ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни ташкил этиш, уларни доимий равишда ривожлантириб бориш;
- халқаро ва хорижий мамлакатлардан имо-ишора тили бўйича етук мутахассислар, олимлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, республикада имо-ишора тилини ривожлантириш чораларини кўриш.
2022 йил 1 мартдан бошлаб:
- давлат нотариуслари томонидан кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган шахслар иштирокида нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдотаржимонлар хизматидан фойдаланиш;
- фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида кар-соқовлик нуқсони бўлган шахсларга сурдотаржимонлар хизмати кўрсатиш;
- давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўрсатишда кар-соқовлик нуқсони бўлган шахсларга сурдотаржимонлар хизматини тақдим этиш;
- давлат улуши иштирокидаги тижорат банкларида кар-соқовлик нуқсони бўлган шахсларга банк хизматлари кўрсатишда сурдотаржимонлар хизмати тақдим этиш тартиби ўрнатилади.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
- Миллий телерадиокомпания ва маҳаллий телеканалларнинг республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги янгиликлар, таълим, тарих, спорт ва туризм мавзуларига бағишланган кўрсатувлари сурдотаржимонлар хизматлари билан бирга эфирга узатилади;
- кар-соқовлик нуқсони бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда сурдотаржимоннинг ваколати Карлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқлаш тартиби бекор қилинади.
2022 йил 1 майдан бошлаб:
- давлат бошқаруви органлари ва давлат ҳокимияти органларининг “Колл-марказ”ларини боғловчи;
- Президент халқ қабулхоналари ва бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида кар-соқовлик нуқсони бўлган шахсларга сурдотаржимон хизматлари белгиланган тартибда тақдим қилинади;
- мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида беш нафар сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларни хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олиши ва стажировкадан ўтиши тизими йўлга қўйилади.