– Рустамжон, хуш келибсиз. Аввало ўзингизни таништирсангиз ва сурдотаржимонлик соҳасида ишлашингизга нима туртки бўлганини сўзлаб берсангиз.

– Ассалому алайкум. Таклиф қилганларингиз учун раҳмат. Мен аслида соҳам бўйича футбол мураббийиман, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини тугатганман. 28 ёшдаман, оилам, бир ўғлим ва бир қизим бор.

Сурдотаржимонликни бошлашим ҳаётимдаги катта бурилишлардан бири бўлди, дея оламан. Маълумки, юртимизда минглаб кар-соқов инсонлар бор. Улар Ислом маърифатидан бебаҳра қолмаслиги кераклиги аллақачон англаб етилган ва бу бўйича қатор дастурлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, пойтахтнинг йирик масжидларида имомлар ёнида сурдотаржимонлар ишлашмоқда ва жума маъвизаларини тўғридан-тўғри таржима қилиш йўлга қўйилган. Мана шу жараёнларга оз бўлса-да ҳиссамни қўшай деб шу соҳада ишлаяпман.

– Шайх ҳазратнинг маърузаларини таржима қилиш лойиҳаси қандай туғилган?

– Ҳазратнинг маънавий мероси шу қадар улканки, ҳали кўпчилик авлодлар ўрганиб, баҳра олишлари учун етарли. Диний қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ташаббуси билан Рамазон кунларида шайхимизнинг маърузаларидан иборат мана шундай лойиҳа халқимизга тақдим этилаётгани, шунда сурдотаржимон сифатида иштирок этишга таклиф этишганида жуда хурсандчилик билан розилик бердим.

Агар камтарона меҳнатим оз бўлса-да маъқул бўлган бўлса, шу савобли ишларга бош қўшиб қолган бўлсам бахтлиман, албатта.

– Бу лойиҳа қанча вақт олдин тайёрлаб қўйилган, фақат бу йилги рамазонга мўлжалланган 30 кунлик дастурларми ёки келгусида ҳам давом эттирилиши режалаштирилганми?

– Юқорида айтганимдай, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг турли йилларда қилган маърузалари мавжуд. Мен фақат бу йил тақдим этилган маърузалардан бохабарман, улар рамазондан олдин тўлиқ тайёрлаб қўйилганди.

Борди-ю келгусида ҳам шундай режалар бўлса ҳамда менинг хизматимга эҳтиёж сезсалар, бажонидил рози бўламан.

– Мухлисларингиздан бири шундай мактуб йўллабди: «Бир ой Рамазонда шу йигит бизга қадрдон бўлиб қолди. Ин шаа Аллоҳ, Тошкентга борсам, шу йигитни топиб, бир имо-ишоралашаман. Кўп нарсани билиб олдим. Юзингни сийпаласанг мусулмон дегани, бармоғингни лабингга боссанг Рамазон дегани экан. Ҳазрат арабча дуо қилаётганда «жим туриб», дуо қилишлари бирам ярашади. Биз Қуръон ўқилаётганида ҳам жим туришни билмаслигимиздан уялиб кетаман...».