16:40 / 10.02.2022
43830

«Маслаҳатчи»ларга ўз ишлари билан шуғулланишни тавсия қиламиз — Ўзбекистон томони Лукашенкога жавоб қайтарди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон расмий доираларидаги манба беларуслик Александр Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақида охирги баёноти юзасидан муносабат билдирди. Унда бугунги кунда Беларусдаги муаммолар «яшириб» қўйилгани билан, буткул бартараф этилмагани қайд этилиб, Лукашенкога ўз мамлакати ишлари билан шуғулланиш тавсия этилган.

«Бу каби қатор тутуриқсиз баёнотлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришилган давлатлараро муносабатларнинг руҳи ва даражасига мутлақо мос келмайди.

Ҳурматли Александр Григорьевич, аввало, ўз мамлакатининг ички ва ташқи масалалари билан шуғулланса оқилона йўл тутган бўлар эди. Зотан, бугунги кунда Беларусдаги муаммолар «яшириб» қўйилгани билан, буткул бартараф этилмаган. 

Бундай ҳолатда ўзини «рангли инқилоблар»ни бартараф этиш бўйича етук «эксперт» сифатида кўрсатиш, бошқа мамлакатлардаги вазиятга баҳо бериш ва уларнинг ташқи сиёсатини шарҳлашга уринишнинг ҳожати йўқ.

Ўзбекистон мустақил суверен давлат сифатида ўз келажагига нисбатан аниқ қарашга эга ҳамда фақатгина халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда миллий тараққиёт стратегияси йўлида олға интилишда давом этади.

Яна бир бор барча «маслаҳатчи»ларга ўз ишлари билан шуғулланишларини тавсия қиламиз», дейилади Kun.uz таҳририятига келиб тушган муносабатда.

Лукашенко нима деганди?

Фото: Соловьёв LIVE / YouTube

Александр Лукашенко Россия ҳукумати пропагандачиси бўлган журналист Владимир Соловьёвга берган интервюсида 1999 йилда Россия ва Беларус иштирокида тузилган Иттифоқ давлати собиқ совет республикалари ҳисобига кенгайиши мумкинлигини айтган.

«Беларус аллақачон шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида]. Менимча, Қозоғистон учун яхши дарс бўлди. Агар келгуси 15 йилда деб оладиган бўлсак, ишончим комил, агар биз хатога йўл қўймасак, Украина ҳам шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида] бўлади.

Арманистон ҳам ҳеч кимга керак эмаслигини тушунди, аниқ бизга қўшилади. Улар кимгадир керак деб ўйлайсизми? Озарбойжон сал сўроқ остида, чунки уни Туркия жуда қаттиқ қўллаб-қувватлаяпти. Биз бу [Озарбойжон] бўйича ҳам кўп хатоларга йўл қўйдик, бу – алоҳида мавзу.

Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга келсак, менимча, аввало иқтисодий зарурат туфайли улар ҳам қўшилишади», – деган у.

Бу биринчиси эмас

Лукашенко Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 10 январ куни Қозоғистондаги тартибсизликлар юзасидан ўтказилган саммитида бу воқеалардан «энг аввало Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак» дегани шов-шув келтириб чиқарганди.

Лукашенконинг бу баёноти Ўзбекистон жамоатчилигида кескин эътирозларни уйғотган, фаоллар Беларусни қарийб 28 йилдан бери узлуксиз бошқариб келаётган ва охирги сайловдаги ғалабаси кўплаб давлатлар томонидан тан олинмаган «Беларус фуқароси»нинг Ўзбекистонни огоҳлантиришини бевосита таҳдид сифатида қабул қилганди. Сиёсий таҳлилчи Анвар Эминов Беларусь президентининг чиқиши Ўзбекистонни КХШТга қайтариш ҳаракати деб баҳолаганди.

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев 13 январ куни мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишида бу огоҳлантириш асоссиз эканини айтганди. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», – деганди Шавкат Мирзиёев.

  • Иттифоқ давлати — бу Россия ва Беларуснинг интеграция лойиҳаси бўлиб, Москва ва Минск 1990 йилларнинг охирида уни такомиллаштиришни бошлаган. Лойиҳа парламент, валюта ва қонунчиликни умумлаштиришни назарда тутади. 20 йилдан ортиқ давом этган ҳамкорлик тарихида томонлар шу пайтгача фақат солиқ ва божхона қонунчилигини синхронлаштиришга яқинлашган. Беларусь раҳбари Александр Лукашенконинг айтишича, иттифоқ интеграция босқичлари учун муддат белгиламайди.
Top