Ўзбекистон | 09:02 / 10.02.2022
4053
3 дақиқада ўқилади

Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғловчи кўприк қурилиши қайси босқичда?

Фото: Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи кўприк қурилишининг айни ҳолати ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг «Кўприкқурилиш» трести” УК томонидан Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи, Амударё устидан ўтадиган янги темирйўл ва автомобил йўли қўшма кўпригини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Бугунги кунгача лойиҳада кўрсатилган 80,2 километрлик участкада режага кўра йўлсозлар томонидан умумий ер ишлари якунига етказилган. Ҳозирда қурилиш майдонига 115та замонавий техника ҳамда 240 нафарга яқин мутахассис жалб этилган.

Мутахассислар томонидан “Шовот – Гурлан – Жумуртау – Койбакли” темирйўл линиялари оралиғида жами 4514,20 минг м³ кўтарма тупроқ ишларидан 4059,4 минг м³ (94 фоиз) иш ҳажми амалга оширилган.

Умумий 80,2 километр темирйўл излари ётқизиш ишларидан 14,2 километри (16 фоиз) бажарилди. Сунъий сув ўтказгич иншоотлари конструкциялари ишлаб чиқарилиб, умумий 233та сунъий сув ўтказгич иншоотларидан 162тасида (69 фоиз) қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Темир-бетон кўприклардан биттаси қуриб битказилди, 4тасида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳага кўра дастлаб Қораўзак туманидан Амударё ва Гурлан туманлари орқали Шовот туманигача умумий узунлиги 80,2 километр бўлган темирйўл линиясини қуриш ҳамда шу оралиқдаги 3та қўриқланадиган ва 24та қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасини қуриш белгиланган.

Шунингдек, 4та автойўл ўтказгичини, 9та кўприкни ҳамда 25 кишига мўлжалланган 1 дона, 50 кишилик 2та темирйўл вокзалини бунёд этиш, яна битта темирйўл ва автомобил йўли қўшма кўприги ҳамда бошқа темирйўлга техник хизмат кўрсатиш бино ва иншоотларини қуриш кўзда тутилди. 

Асосий қўшма кўприкнинг узунлиги 413 метр бўлиб, эни 8 метр, ҳар бир оралиғи 66 метрдан иборат. Лойиҳа бўйича 7та устун ва 6та оралиқ бўлади.

Айни пайтда дарёнинг икки соҳилида ҳам қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Чап ва ўнг қирғоқда бўлажак иншоотнинг устунлари босқичма-босқич ўрнатилмоқда. 7та устуннинг ҳар бирига 35та қувур қоқилиб, ер сатҳидан 38 метр чуқурликда бўлмоқда.

Мавзуга оид