Жаҳон | 14:48 / 11.02.2022
16768
3 дақиқада ўқилади

Байден америкаликларни Украинани зудлик билан тарк этишга чақирди

Байден Украинадаги америкаликларга мурожаат қилиб, уларни мамлакатни «ҳозироқ» тарк этишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Украинага қўшин жўнатмайди, чунки бу жаҳон урушига олиб келиши мумкин.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Украинада бўлиб турган америкаликларни мамлакатни тарк этишга чақирди.

«Америка фуқаролари ҳозироқ кетишлари керак... Биз террорчилик ташкилотига қарши курашмаяпмиз, аммо дунёдаги энг йирик армиялардан бири ҳақида гап кетяпти. Бу умуман бошқа масала ва қисқа вақт ичида барчасининг оёғи осмондан бўлиши мумкин», деди Байден NBC News телеканалига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Вашингтон Украинага қўшин жўнатиши эҳтимоли билан боғлиқ сценарийни рад этган. Байден билан суҳбатлашган мухбир ундан АҚШ қандай ҳолатда Украинага ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун қўшин юбориши ҳақида савол берган. 

«Ҳеч қандай ҳолатда. Америкаликлар ва руслар бир-бирига қарши ўқ уза бошласа, бу жаҳон уруши бўлади», деган Байден.

Байден америкаликларнинг Украинани тарк этиши оқилона қарор бўлишини таъкидлаган.

Бир кун олдин, 10 февраль куни АҚШ Давлат департаменти мамлакат фуқароларини «Россия ҳарбий ҳаракатларининг хавфи ортиб бораётгани ва COVID-19» сабаб Украинага бормасликка чақириб, аввалги огоҳлантиришини янгилаганди. «Агарда Украинада қоладиган бўлсангиз, Россия томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлардан, эҳтимолий жиноятчилик, тартибсизлик ва потенциал ҳарбий зиддиятларда юқори даражада эҳтиёткорликка риоя қилинг. Айрим ҳудудлар хавф даражаси юқори бўлган зоналар ҳисобланади», дейилади Давлат департаменти хабарида.

Айни вақтда Украинада бўлиб турган америкаликларга тижорий ёки шахсий транспортда зудлик билан мамлакатни тарк этиш тавсия этилган.

Январь ойи охирида мазкур идора Американинг Киевдаги элчихонасининг барча ходимларининг оила аъзоларига Украинани тарк этиш бўйича топшириқ берганди. Бунинг ортидан Австралия, Буюк Британия, Германия, Канада ва Япония каби мамлакатлар ҳам Украинадаги элчихоналаридаги ходимларининг бир қисмини эвакуация қилишга киришди.

  • 2021 йил кузида Россия Украина чегаралари яқинида қўшин тўплай бошлади, шу туфайли Ғарб мамлакатлари россияликларнинг босқини эҳтимоли ҳақида огоҳлантир бошлади. Ғарбдагиларнинг баҳоларига кўра, украин чегаралари яқинига 100-125 минг россиялик ҳарбий олиб келинган. РФ ҳукумати қўшинларнинг кўчирилишини ҳарбий машғулотлар билан изоҳлаган ва кимгадир ҳужум қилиш нияти йўқлигини билдирган. Кескинлик кучайиши фонида Россия АҚШ ва НАТО билан Европада хавфсизлик кафолати бўйича музокаралар ўтказмоқда.

Мавзуга оид