Ўзбекистон | 09:55 / 11.02.2022
2533
3 дақиқада ўқилади

Жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тузилади

Президент “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қадимий ёзма манбаларни марказлашган ҳолда сақлаш, тадқиқ этиш, уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиш бўйича масъул давлат муассасалари этиб белгиланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини шакллантириш ва давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Марказ давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси этиб белгиланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ марказ:

республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузади ва доимий мониторингини юритади;

давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглари ва электрон нусхаларини яратади, уларни Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимига киритиш ҳамда мунтазам тўлдириб бориш чораларини кўради;

марказ ва Шарқшунослик институтида марказлашган ҳолда сақланадиган ва давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбаларнинг ҳолати, доимий мониторинг ва тадқиқ этилиши натижалари ҳақидаги маълумотларнинг мунтазам равишда махсус порталлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлайди;

Халқаро ислом академияси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан биргаликда қадимий ёзма манбаларнинг консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган соҳа ходимларининг мунтазам равишда касбий салоҳияти ва малакасини ошириш, шунингдек, соҳа учун етук мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси ташкил этилди ва лаборатория томонидан ўтказиладиган тадқиқот синовларининг асосий йўналишлари тасдиқланди. Лаборатория Тошкент шаҳар, Абдулла Қодирий кўчаси, 11-уй манзилидаги Ўзбекистон халқаро ислом академияси биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид