Ўзбекистон | 10:04 / 11.02.2022
7257
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон бош вазири Ўзбекистонга бир кунлик ташриф билан келади

Бугун Ўзбекистонга Қозоғистон бош вазири келади. Бу ҳақда “Нигоҳ” телеграм канали хабар бермоқда.

Фото: IA centr

Жорий йилнинг 11 февраль куни Қозоғистон бош вазири Алихон Смоилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Ўзбекистонга бир кунлик ташриф билан келади.

Қайд этилишича, ташриф дастурида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Маълумот учун, Алихон Смоилов бундан бир ой аввал – 11 январь куни Қозоғистон ҳукумати раҳбари этиб тайинланган эди.

Алихон Смоилов 49 ёшда. Олмаота шаҳрида туғилган. У фаолияти давомида Қозоғистон Статистика агентлиги раиси, ташқи ишлар вазири ўринбосари, молия вазири ўринбосари, Қозоғистон президентининг ёрдамчиси, молия вазири бўлиб ишлаган.

2019 йил 25 февралда Қозоғистон президентининг фармони билан у бош вазирнинг биринчи ўринбосари – молия вазири этиб тайинланган эди. 2021 йил 18 январда Қозоғистон президентининг фармони билан унга ушбу вазифа қайта юкланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид