Ўзбекистон | 16:24 / 17.02.2022
24711
3 дақиқада ўқилади

Чет тили даражаси бўйича тест натижасини эълон қилиш муддати 1 ҳафтагача қисқартирилди

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

2022 йил 1 мартдан чет тилини билиш даражасини аниқлаш, малака сертификати ёки маълумотнома олиш учун тест синовида қатнашиш бўйича мурожаатлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали қабул қилинади

Талабгордан 3,5 х 4,5 см фотосурат ва давлат хизмати учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини талаб қилиш бекор қилинади. Имтиҳон ўтказиладиган кунлар ДТМ сайтида эълон қилинади ва талабгорга имтиҳон кунини мустақил танлаш ҳуқуқи берилади.

Тест натижаларини эълон қилиш муддати 3 ҳафтадан 1 ҳафтагача қисқартирилади. Малака сертификати ёки маълумотнома натижа эълон қилинган кундан бошлаб 1 иш кунида талабгорга юборилади.

Амалдаги ҳар бир даража (А2, В1, В2, С1) учун алоҳида имтиҳон топшириш тартибига қўшимча умумлаштирилган кўп даражали (Multi-level) тест тизими (В1, В2, С1) жорий қилинади. Multi-level тест тизими 2022 йил 1 мартдан – инглиз тили учун, 2022 йил 1 ноябрдан – немис, француз ва араб тиллари учун жорий этилади.

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишда талабгор сўровномани мустақил равишда ЯИДХП орқали тўлдиради. Сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди. 

Сўровнома ЯИДХП орқали автоматик тарзда ДТМ (ваколатли орган)га юборилади. ДТМ талабгорларни малака имтиҳонини ўтказиш жойи ва аниқ вақти тўғрисида имтиҳон санасидан 3 кун олдин хабардор қилади.

Чет тилини билиш даражаси тест синови, ёзма иш ва гапириш кўникмасини баҳолаш йўли билан аниқланади. Малака имтиҳони қоғозларда ёки компьютерда ўтказилиши мумкин. Имтиҳон топширишда талабгор паспорт, ID-карта ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг аслини тақдим этади.

Малака имтиҳонининг ҳар бир даража учун ўтказиладиган тест синови: “тинглаб тушуниш”, “ўқиш” бўлимларининг ҳар бири 30 та саволдан; “ёзма иш” бўлими 2 та ёзма топшириқдан (даражага боғлиқ ҳолда биринчи топшириқ – 30-150 та сўздан, иккинчи топшириқ – 50-250 та сўздан); “гапириш” бўлими топшириқларнинг 3 та туридан иборат бўлади.

Регламент 1 мартдан кучга киради.

Мавзуга оид