17:05 / 17.02.2022
10049

«Ўзавтосаноат» электромобил ишлаб чиқариш бўйича Хитой компанияси билан музокаралар бошлайди

«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азиз Шукуровга кўра, Хитойнинг BYD компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланган.

Фото: panthermedia/vostock-photo

Ўзбекистон Хитойнинг BYD компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азиз Шукуров маълум қилди.

«Бугун биз Хитойнинг энг йирик электромобиль ишлаб чиқарувчи BYD компанияси билан келишув имзоламоқдамиз. Электромобиллар келажагига дастлабки кадам», деб ёзди у Linkedin’даги саҳифасида.

Қайд этилишича, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми 16 февраль куни имзоланган.

BYD Co Ltd (Build Your Dreams) Хитойдаги энг йирик электромобил ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади. 2021 йилнинг 9 ойи давомида фақатгина Тесла BYD’га қараганда кўпроқ электромобиллар ишлаб чиқарган.

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни машинасозлик саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳа мутасаддиларига уч ой муддатда электромобил тармоғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганди. Бунда:

  • электромобиллар учун бутловчи қисм ва материалларни маҳаллийлаштириш дастурини;
  • электромобиллар учун техник талаб ва замонавий стандартларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, йил якунига қадар хорижий компаниялар билан музокараларни якунлаб, стратегик ҳамкор билан лойиҳани бошлаш юзасидан кўрсатма ҳам берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда декабрда қабул қилинган ҳукумат қарорида, “Ўзавтосаноат” АЖ корхоналарини фақат электромобил ишлаб чиқаришга ўтказиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланган эди.

Ундан аввалроқ, 2018 йилдаги қарорда 2020 йилгача Бухорода электромобил ишлаб чиқаришни бошлаш кўзда тутилганди. 2019 йилдаги қарорда эса 2022 йилдан бошлаб Қўқонда электромобил чиқариш бошланиши белгиланган, уларнинг нархи 3 минг доллардан бошланиши айтилганди. UzAuto Motors эса 2021 йилдан Labo электромобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эди, унинг нархи 10 минг доллар атрофида бўлиши маълум қилинганди.

Top