Маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мос эмас деган гап бу баҳона, дейди 3 йилдан буён BYD автомобилларидан фойдаланаётган блогер Умид Ғафуров. Автосаноат соҳаси мутахассиси Ашрафбек Олимов BYD'нинг бу сўрови компаниянинг ривожланаётган давлатларга асосий эътиборини қаратиш стратегиясига мослигини айтди. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра эса, ҳаммаси бир вақтлар UzDEUAuto қўшма корхонаси очилган пайтдаги жараёнларни эслатяпти.

“Ўзавтосаноат” билан бирга Жиззахда завод қураётган BYD компанияси “Ўзбекистонга олиб кирилаётган BYD моделлари маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмаган, расмий кафолатга эга эмас” деган важ билан ҳукуматдан ушбу бренд импортини чеклашни сўрагани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Kun.uz иқтисодчи Отабек Бакиров, Nissan Motor катта молиявий менежери Ашрафбек Олимов ва жамоатчилик фаоли Умид Ғафуровдан бу янгиликка муносабатини сўради.

Нархи 20 минг долларгача бўлган электр ва гибрид моделлар “Ўзавтосаноат”ни хавотирга соляпти” — Отабек Бакиров

— Мен учун янгилик бўлгани йўқ, кутилаётган қарор эди. Эсласангиз, йилнинг бошида идоралараро порталда муҳокамага қўйилгани ҳақида сиздиргилар чиққанди. Ҳаттоки тармоқларда нусхалари ҳам пайдо бўлганди. 2 йил аввал BYD билан қўшма корхона ташкил этилган вақтда, унда “Ўзавтосаноат”нинг улуши 60 фоиз, BYD'нинг Европа тузилмаси улуши 40 фоиз миқдорида ташкил этилганда ҳам, ҳаммаси бир вақтлар UzDEUAuto компанияси ташкил этилган пайтдаги жараёнларни эслатяпти. Бугун “Ўзавтосанат” қандай монопол муҳитни яратган бўлса, электромобиллар соҳасида ҳам худди шунақа монопол муҳит яратиш билан тугалланади, деган хавотир ҳақида 2 йил аввал ёзгандим. Шунинг амалдаги реаллиги бўлди.

Ўзбекистонда ташкил қилинган қўшма корхона 25 минг доллардан юқори сегментдаги BYD Song Plus ва Chazor моделларини йиғади. Ҳозир Ўзбекистонга жуда катта миқдорда олиб кирилаётган электромобиллар оқими – бу нархи 25 минг долларгача бўлган оқим. Яъни мустақил импортчилар BYD'нинг E2, Dolphin, Seagull каби арзонроқ моделларини ҳам олиб киришяпти. Бу бошқа нарх сегменти бўлгани учун қўшма корхонага босим яратмайди, лекин кимга зиён келтиради? “Ўзавтосаноат”нинг бошқа сегментига. Масалан, Onix сотувлари суст. Ўйлайманки, асосий сигнал – нархи 20 минг долларгача бўлган электромобиллар кириб келиши ва бу “Ўзавтосаноат”нинг ҳатто Cobalt модели сотувига ҳам таъсир қилишидан қўрқишяпти.

BYD'нинг асосий мақсади – ривожланаётган бозорлар” — Ашрафбек Олимов