Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон дунё иқтисодий эркинлик индексида 9 поғона пастлади
Республика «Иқтисодий эркинлик индекси – 2022» рейтингида 177та мамлакат орасида 55,7 балл билан 117-ўринни эгаллаган ва иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатидан жой олган.
Heritage Foundation тадқиқот маркази «Иқтисодий эркинлик индекси – 2022» ҳисоботини эълон қилди.
Унда Ўзбекистон 177та мамлакат орасида 55,7 балл билан 117-ўринни эгаллагани қайд этилган. Сўнгги ҳисоботга кўра, мамлакат рейтинги 2,6 баллга ёмонлашиб, 9 поғонага пастлаган ва иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳидан жой олган.
Иқтисодий эркинлик индексида республика 12та индикаторнинг 8тасида салбий ўзгаришларни қайд этган, 4та индикаторда эса ижобий ўзгаришлар кузатилган. Рейтингдаги умумий пасайишга суд самарадорлиги ва мулкчилик ҳуқуқи бўйича вазият орқага кетгани жиддий таъсир кўрсатган.
«Қонунан кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ҳурмат қилинса-да, коррупция кенг тарқалгани сабабли хусусий мулк ҳуқуқларини таъминлаш жуда қийин. Суд тизими мустақил, бироқ ҳукумат аралашуви ва коррупция ҳолатлари мавжуд. Бюрократия ва порахўрлик кенг тарқалган», дейилади тадқиқотчилар изоҳида.
Шу билан бирга, охирги беш йилда Ўзбекистон мазкур рейтингда умумий жиҳатдан қараганда 35 ўринга (152-ўриндан 117-ўринга) юқорилаган.
Ҳисобот 2020 йилнинг 1 июлидан 2021 йилнинг 30 июнигача бўлган даврга оид маълумотлар базасидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон рейтингда Осиё-Тинч океани минтақасидаги 39та мамлакат орасида 25-ўринни эгаллади.
МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткичларни Арманистон (58-ўрин) ва Қозоғистон (64-ўрин) қайд этган. Кейинги поғоналардан Озарбойжон (75-ўрин), Молдава (78-ўрин), Россия (113-ўрин), Қирғизистон (116-ўрин), Беларус (135-ўрин), Тожикистон (147-ўрин) ва Туркманистон (165-ўрин) ўрин олган.
Умумий рейтингнинг энг юқори 3та поғонасини Сингапур (84,4 балл), Швейцария (84,2 балл) ва Ирландия (82,0 балл) эгаллаган бўлса, энг қуйи ўринларда Куба (29,5 балл), Венесуэла (24,8 балл) ва Шимолий Корея (3 балл) қайд этилган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига кўра, Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари пасайишига ҳисобот методологиясидаги ўзгаришлар сабаб бўлган. Хусусан, кўрсаткичлар ва уларни ҳисоблаш, шунингдек, фойдаланилган халқаро маълумотлар манбалари ўзгарган.
Жаҳон банки ўзининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботини тўхтатгани сабабли 2022 йил индекси мулкчилик ҳуқуқи, суд самарадорлиги, ҳукумат яхлитлиги, бизнес эркинлиги ва меҳнат бозори эркинлигини ўлчайдиган субфакторлар учун бошқа очиқ маълумот манбаларини қабул қилган. Хусусан, индекс энди ўз баҳолашларида Freedom House ва бошқа манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланади.
Шунингдек, COVID-19 пандемиясига жавобан давлат сиёсати ўзгарувчанлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодий шароитларда, жумладан, иқтисодий эркинлик даражасида сезиларли тебранишларга олиб келгани қайд этилиб, ушбу ўзгаришлар доимий ёки вақтинча экани ҳозирча номаълумлиги тўғрисида таъкидлаб ўтилган.
Қайд этилишича, янги ўзгаришлар сабаб 177та давлатдан 119тасида (67,2 фоиз) пасайиш кузатилган.
Мавзуга оид
21:06 / 21.03.2026
Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни қандай ўзгарди?
08:39 / 30.07.2025
Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси икки йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди
18:54 / 10.03.2025
Ўзбекистон терроризм таҳдиди паст бўлган мамлакатлар қаторига кирди
08:00 / 06.02.2025