15:39 / 21.02.2022
1887

Жиззахда содир бўлган ЙТҲда икки йўловчи ҳалок бўлди

Nexia ҳайдовчиси Volvo юк машинасини қувиб ўтаётганида унинг олд чап томонига тегиб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда икки киши ҳалок бўлган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 15 феврал куни соат 00:10 ларда М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Шароф Рашидов тумани Халқобод маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлган.

Шароф Рашидов тумани Хайробод маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган ҳайдовчи Самарқанд йўналишида Nexia машинасини бошқариб бораётиб, ўзидан олдинда ҳаракатланиб келаётган Бухоро вилояти Вобкент туманида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган Volvo юк машинасини қувиб ўтишга уринган. Шунда Nexia Volvo’нинг олд чап томонига тегиб, бошқарувни йўқотган ва йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган.

Оқибатда Nexia йўловчилари, Хайробод маҳалласида яшовчи бир нафар эркак ва аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи, шунингдек, уч нафар вояга етмаган бола турли тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах вилояти филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Top