08:57 / 21.02.2022
4862

Ўзбекистон ва Эрон икки давлат ҳудуди орқали товарлар транзитини ошириш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ҳукумати ва ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифи доирасида Эронга борган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Теҳрон шаҳрида Эрон президенти Иброҳим Раисий билан учрашди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссиясининг бўлажак 14-йиғилиши доирасида бир қатор янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Эрон ўртасида агросаноат, сув ресурсларини бошқариш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қора металлургия, машинасозлик, енгил саноат ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди. 

Махсус иқтисодий зоналар, хусусан, “Чабаҳор”, “Арас” (Эрон) ҳамда “Навоий” ва “Ангрен” (Ўзбекистон) ЭИЗ субъектлари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида таъкидланди. Юқорида қайд этилган тармоқларда аниқ инвестициявий лойиҳаларни тайёрлаш ва тасдиқлаш ҳамда икки мамлакатнинг манфаатдор тадбиркорлари орасидан лойиҳалар ташаббускорларини аниқлаш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.

Томонлар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида транспорт ва логистика соҳасида ўтказилган икки томонлама музокараларда эришилган муваффақиятларни олқишлади. Ўзбекистон идоралараро делегациясининг жорий йил январь ойида Эронга ташрифи чоғида транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда икки давлат ҳудудлари орқали товарлар транзитини ошириш йўналишида келишувларга эришилди ва ҳамкорлик тўғрисидаги бир қатор муҳим битимлар имзоланди.

Томонлар икки мамлакат ва минтақа давлатларини бир-бири билан боғлайдиган янги, кам харажатли савдо йўналишларини шакллантириш, ҳар икки мамлакатнинг транспорт ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида изчил қўшма ишларни давом эттириш устувор аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Музокаралар кун тартибига икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлардаги иштироки доирасида биргаликда амалга ошириладиган чоралар, минтақавий хавфсизликни, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик қилиш, минтақавий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар киритилди.

Top