Жамият | 10:26 / 23.02.2022
13987
6 дақиқада ўқилади

Турфа тақдирлар, матонат ва кўз ёшлар маскани

Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи арафасида бир гуруҳ журналистлар Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйида бўлдик.Ўз муаммоларимиз нақадар майда эканлиги, шукронамиз ўта юзакилиги, бундай масканлар ишчилари матонати олдида бизнинг иродамиз қанчалар заифлигини англаб етдик. Жуда кўпчилик йиғлади ҳам. Умуман, бугун ҳаётдан нолиётганлар мана шундай муассасаларга келиб туришлари лозим экан. Чунки руҳий муаммолар ва жисмоний ногиронликка дуч келганлар бу маскандан қўним топишган.

Жамият муносабати

Афсуски ақлий ва руҳий муаммоларга дуч келган, жисмоний имкониятлари чекланган аёлларга муносабат кўнгилдагидек деб бўлмайди. Оилалар бу муаммони яширишга, хаспўшлашга уринишади, беморни даволатишдан қочишади, бундай инсонлар одатда узлатга маҳкум қилинади. Касаллик зўраяди, зарур ёрдамни олмаган бемор азобларга дучор бўлади, уни яшириб, парваришлаган яқини ҳам беқиёс қийинчиликларни зиммасига олишга мажбур этилади. Бу эса оиланинг соғлом вакиллари ҳам омма олдида бош эгиб яшашига замин яратади.

Давлат зиммасидаги вазифа

Ҳар қандай давлатнинг кучи, салоҳияти ёрдамга энг муҳтож тоифадаги инсонларга кўмак беришда кўринади. Шундай беморлар борки даволанмайди, бутун умр ўзгалар кўмагига муҳтож. Айниқса у бемор аёл киши бўлса ва жисмоний муаммолар қаторида ақлий заифликдан азият чекса, ҳар қандай оила учун тортиб бўлмас юкка айланади.

Мана шу нуқтада давлат ўз вазифасини бажариши лозим. Зеро бундай беморлар жамланган ҳолда ва профессионал ходимлар томонидан парваришланиши керак.

Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйида 250 нафар аёл доимий асосда яшайди. Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос тақдири борки, асарлар битса арзийди. Бу ердаги беморлар одатда жуда абгор ҳолатда етиб келган бўлсалар, кўпчилиги ўз уйларида ҳам кўрмаган парваришга эришадилар, зарур муолажалар қилинади, егуликлар билан таъминланади, тоза либослар берилади ва ўзлари ҳам санитар гигиеник жиҳатдан қониқарли аҳволда сақланадилар.

Аҳволи ҳар қанча оғир бўлмасин имконияти юзага чиқарилади

“Мурувват” уйида жуда мураккаб беморларни учратдик. Лекин ҳар қанча оғир ҳолатда бўлмасин, ходимлар уларни нима биландир банд қилишга уринишади. Айниқса уларнинг қўл меҳнатлари натижаси бўлган суратлар, буюмлар билан бутун бино безатиб чиқилгани қизиқарли. Бу ўзига хос асарлар шу қадар нафиски, уларни уста санъаткорлар яратган деган фикр ҳам туғилади. Аммо аёллар кўз ўнгимизда тикаётган кашталар, чизаётган суратларини кўриб, ҳаммаси ҳақиқийлигига амин бўлдик. Дарвоқе, бу ерда беморлар томонидан яратилаётган санъат асарлари сотувга чиқарилиши, имкони борлар харид қилишлари жуда мақсадга мувофиқ. Чунки бундай харидлар муассаса учун ўзига хос қўллаб-қувватлаш бўлиши мумкин.

Беморлар нафақат иш билан банд, балки рақсга тушишади, бадантарбия билан шуғулланишади ва ҳатто ўзлари ҳам саҳна кўринишлари яратишади. Умуман, бу ерда ишловчи 180 нафар ходимнинг ҳар бири беморнинг кайфияти учун ишлаётгани сезилиб туради.

Ҳаммаси президент учунми?

Асли бу маскан аввал Хўжайли туманида жойлашган бўлган ва эски ҳамда абгор бино бўлишига қарамай бемор аёллар парваришлаб келинган. Лекин муассаса фаолияти билан танишган президент Шавкат Мирзиёев уни Нукусга кўчириш ва барча шароитларини янгилаш ҳақида кўрсатма беради ҳамда 2018 йилда Нукусдаги муассаса ўз фаолиятини бошлайди. Айни пайтда бу ерда турли ҳудудлардан келган 250 бемор парваришланаётган бўлса, яна жой бўшашини кутаётган оилалар ҳам бор.

Беморларнинг аксарияти ўзини-ўзи эплолмайди, бутун умр парваришланади ва айримлари ҳатто 80 ёшдан ошган. Лекин ҳайратланарлиси бу жойда ҳаммаси покиза, озода, ҳеч қандай ҳид ҳам сезилмайди. Кимдир ўйлаши мумкин, ҳаммаси президент келишидан олдин тайёрлаб қўйилган, деб. Биз давлат раҳбари ташриф буюрадиган бошқа муассасаларда ҳам бўлганмиз ва солиштириш имкониятига эгамиз. Бу ерда ундай эмас!

Ўрни келганда айтиш лозим, президент шунақа жойларга мунтазам бориб туради ва беморлар олдида хурсандчилик улашишга ҳаракат қилади. Камчиликлар сезилса ҳам кимнидир изза қилмайди.

Бундай беморлар билан ишлаш масъулияти

Очиқ айтиш лозим, бундай беморлар билан мунтазам ишлаш учун катта сабот керак. Айниқса руҳий муаммолар безовта қиладиган аёллар саломатлиги ва хавфсизлигини сақлаш жиддий назоратни талаб қилади. Муассаса раҳбари Лидия Кимнинг таъкидлашича, ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимларга масъулиятли бўлиш мажбурияти юкланади. Яъни беморлар тасодифан ёки атайлаб бир-бирларига озор бериб қолган ҳолатда ўша онда шу ерда бўлиши лозим бўлган ходим жавобгар бўлади. Чунки бундай вазиятнинг олдини олиш чораларини ҳамма кўриши шарт.

Қуйида Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйидан фоторепортажимизни ҳавола қиламиз. Инсонлар шахсига урғу бермаслик мақсадида асосий эътиборни беморлар томонидан яратилган санъат асарларига қаратдик.

Аброр Зоҳидов, Kun.uz мухбири, Тошкент-Нукус.

Мавзуга оид