20:04 / 23.02.2022
9433

Сенат раиси Статқўм ва ИИВ маълумотлари бир-бирига мос эмаслигини танқид қилди. Қўмита раисининг матбуот котиби ҳолат бўйича изоҳ берди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Давлат статистика қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида юз берган инсонлар ўлимига доир маълумотлари бир-бирига тўғри келмаётганини танқид остига олган, ҳар икки идора бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириши кераклигини таъкидлаганди.

“Йўл транспорт ҳодисаси натижасидаги ўлим деган индикатор бор. Давлат статистика қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг мана шу индикатор бўйича кўрсаткичлари бир-биридан фарқ қилмоқда. ИИВ ЙТҲ оқибатида ўлим ҳолатлари 23 фоизга ортган, деяпти.

Давлат статистика қўмитаси маълумотида ушбу ўлим ҳолатлари 2019 йилда 6,2 фоизни ташкил этган бўлса,  2020 йилда бу кўрсаткич 5,7 фоизгача камайган дейиляпти. Нима учун статистик маълумотларда бунақанги номутаносибликлар мавжуд?” дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат статистика қўмитаси раисининг иқтисодий статистика бўйича ўринбосари Аъзам Икромов йўл-транспорт ҳодисалари ва улар натижасида юзага келадиган ўлим ҳолатлари ҳақидаги статистика расмий маълумотлардан олинишини таъкидлаган.

Аъзам Икромов, Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари. Фото: Kun.uz

“Иккита вазирлик келишиб олинглар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўрсаткичларни Статистика қўмитасидан олади. Шунга асосан, улар ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда ЙТҲ оқибатидаги ўлим кўрсаткичлари пасайиб боряпти, деб кўрсатади. Статистик маълумотлар бўйича доим қийналамиз. Чунки бизнинг статистик маълумотлар ҳали халқаро стандартлар даражасига етишига анча бор. Тўғри, бу борада катта ишлар қилиняпти, буни инкор қилмоқчи эмасмиз. Вазият тўғри баҳоланиши учун маълумотларни келишиб олишинглар керак. Халқаро нормаларга мувофиқлаштириш керак. ИИВ ҳам битта стандарт бўйича ҳисобласин, қўмита ҳам. Маълумот икки хил бўлиши керак эмас”, дея таъкидлаган Сенат раиси.

Давлат статистика қўмитаси раисининг матбуот котиби Усмон Абдурасуловнинг таъкидлашича, маълумотлар икки хил эмас, бир хил. У, қўмита соҳалар бўйича статистик кўрсаткичларни ҳисоблашда расмий идоралар, бу ўринда ИИВ томонидан бериладиган расмий маълумотларга асосланишини, Сенат раисига турли йиллардаги ҳисобот топширилгани тушунмовчиликка сабаб бўлганини айтмоқда.

“2020 йил оммавий локдаун бўлгани ҳисобига мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам, улар билан боғлиқ ўлим кўрсаткичлари ҳам 2019 йилдагига нисбатан камайган. Бу, албатта, статистик кўрсаткичларда ҳам акс этган. Сенатда бўлиб ўтган йиғилишда ИИВ томонидан 2021 йилга оид маълумотлар тақдим этилган. Ҳали вазирлик бу маълумотларни бизга тақдим этгани йўқ.

Сенат раисининг сўзларидан маълум бўлишича, 2021 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатидаги ўлим кўрсаткичлари ошган. Қўмитамиз томонидан Сенатга тақдим этилган маълумотлар 2020 йилники ва унда ушбу кўрсаткич камайгани кўрсатилган. Бу ерда ҳеч қандай ёлғон йўқ. Биз бу маълумотларни осмондан олганимиз йўқ. Тегишли давлат органлари берган расмий маълумотларга таянамиз”, дейди Усмон Абдурасулов.

Аввалроқ сенатор Қутбиддин Бурҳонов йўллардаги таъмирлаш ишлари сабаб юз берган ЙТҲлар бўйича Автомобил йўллари давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотлар бир-бирига зидлиги, Сенат раиси Танзила Норбоева эса айрим жиноятлар статистикаси сунъий равишда камайтирилаётганини танқид қилганди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2021 йил ноябр ойигача республика йўлларида жами 7681та ЙТҲ рўй бергани, уларда 1964 киши ҳаётдан кўз юмгани, 6886 киши турли даражада тан жароҳати олганини очиқлаганди.

Танзила Норбоева 2019 йилги йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида фуқароларнинг ҳалок бўлиши рейтингида Ўзбекистон 179та мамлакат орасида 117-ўринни эгаллагани, ҳалок бўлиш даражаси ҳар 100 минг нафар фуқаронинг 11,7 фоизини ташкил этганини айтганди.

Top