Жамият | 14:32 / 25.02.2022
10347
2 дақиқада ўқилади

“Болам орқамда қолсин”: хаста ўғлининг дардида куйган она илтижоси

Тошкентлик 36 ёшли Саидкамолнинг икки буйраги ҳам қуриган. Унинг ҳаёт қолиши учун буйрак кўчириш муолажаси зарур. Шу мақсадда хорижга онаси билан борган бемор айни вақтда моддий етишмовчилик сабаб мушкул аҳволда қолган.

Инсон учун боласининг бахтли ва саломат яшашидан ортиқ хурсандчилик бера оладиган нима бор? Тошкентлик Арофат ая шундай бахти кулган аёллардан бири эди. Аммо ҳозир бундай эмас. Аянинг 36 ёшли навқирон ўғли Саидкамол Толипов оғир дардга чалиниши оиланинг кулфатига айланди. Иккала буйраги қуриган бемор ўғлини олиб яқинларининг кўмагида Ҳиндистонга кетган она ўзи донор бўлишни ният қилган эди. Аммо мусофир юртда улар бошқа кутилмаган ҳолатга дуч келишди.

Маълум бўлишича, беморнинг онаси Арофат Толиповада қандли диабет касаллиги борлиги сабаб уни донорлик учун қабул қилишмаган. Хориждаги тиббиёт муассасасида гемодиализ муолажаларини олаётган Саидкамолга энди турмуш ўртоғи донор бўлмоқчи.

“Ўзимдаям қандли диабет бор эди, лекин бошланғич жараёни бўлгани учун донорликка маъқул топишганди. Афсуски, бу ерга келганимизда қонимда қанд миқдори жуда баланд чиқди.

Таҳлиллар учун ҳам анча маблағ сарфладик. Энди келиним донор бўлиш учун Ҳиндистонга келяпти. Шу шаҳарга умид билан келгандик, аммо операцияга маблағимиз етарли эмас.

Ўғлимнинг икки фарзанди бор. Улар учун яшаши керак, ишқилиб орқамда қолсин” дея илтижо қилади она.

Йигитнинг бошига тушган кўргиликлар қанчалик оғирлигини ҳис қилиш учун унинг бир пайтлар забардаст ва бахтиёр қиёфаси акс этган суратларга боқиш кифоя қилади. У яна шундай ҳаётга қайтиши учун ёрдам қўлларини чўзганларга дард бегона бўлсин!

Саидкамол Толиповга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 4929 8028 9348 отаси Саидмурод Талиповга тегишли

Мавзуга оид