Ўзбекистон | 14:55 / 27.02.2022
19797
5 дақиқада ўқилади

12 кишини иш билан таъминлаган ўзгача тадбиркор

Андижоннинг Булоқбоши туманида Акмалжон Усвалиев имконияти чекланган бўлса-да, ҳунар ўрганиб 12 йигит-қизни иш билан таъминлаган. Акмалжон юра олмайди, лекин руҳи тетик, тафаккури соғлом. Бир пайтлар уни аравада етаклаб юришган, ҳозир эса германиялик сайёҳлар совға қилган электр-араваси бор.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Кўрсатувимиз қаҳрамони жамиятда имконияти чекланган инсонлар қаторида саналса-да, киши изланса ва ҳаракат қилса тўрт мучаси соғ одамлар каби жамиятга фойдаси тегиши мумкинлигини исботлаган инсон.

“Озгина соғлигим чатоқ бўлиб туғилганман. Касаллигим ривожланиб кетиб, ногирон бўлиб қолдим. Эсимни таниб, ҳолатимни тушуниб етганимдан сўнг ҳаракатланишга ўзимда куч топишни ўйлаганман. Мактабдан ўқитувчилар бириктиришди. Адабиёт, математика фанларига қизиқиб ўқий бошладим. Китоб мутолааси жон-у дилим эди. Рус тилига қизиқиб, луғат орқали анча ўзлаштириб олдим.

Йиллар ўтган сари тадбиркорликкка қизиқишим ортди. Уйда ўтиришни истамадим, одамларга нафим тегишини хоҳладим. Уйдан чиқа олмасдим. Атроф-муҳитни кўргим, одамлар билан мулоқот қилгим келарди. Дўстларим билан гаплашиб ўтиришни жуда-жуда хоҳлардим. Бизнес, яъни пул топишни уйда бир пайтлар болалар қизиққан “денди” ўйинидан бошлаганман.

 

Ижарага дўкон излаб топиб, компютер хизматини йўлга қўйдик. Кейин ўзим компютерга жуда қизиқиб қолдим. Ўша пайтда қўлида ҳунари бор йигитларни ишга қабул қилгандим. Ўзим ҳам Word, Excel ва Photoshop дастурларида бемалол ишлай оламан. 40 нафарга яқин шогирд чиқардим. Шу ерда тажриба ортиришиб, бошқа жойларда ишлашмоқда”, – дейди тадбиркор.

“Устозимизнинг изланиш ва шижоатидан ўзимизга куч ва мотивация оламиз. Баъзида тушкун ҳолатга тушиб қолганимизда кайфиятимизни кўтаради. Ҳар соҳа бўйича маслаҳатларини бериб, ҳаётда ва ишда ўрнимизни топишга катта ёрдам беради. Компютер соҳасига шогирд бўлиб кирдим.

Кўп нарсаларни ўрганиб, ишчи сифатида ишлаб қолдим. Икки йилдан бери аҳил-иноқ бўлиб ишлаб келмоқдаман. Шогирдлари юз нафардан кўп десак ҳам бўлади”, – дейди шогирд қизлардан бири Рўзихон Сиддиқова.

Ҳозирда Акмалжоннинг қўл остида 12 нафар йигит-қиз ишлайди.

“Дўконимизда аҳолига кенг тармоқли компютер хизматларини йўлга қўйганмиз. Суратга олиш, эски суратларни таъмирлаш ва монтаж қилиб бериш билан ҳам шуғулланамиз.

Шу ҳолатимни кўрган инсон мени ногирон дейди. Мен ногиронликдан чиқишга ҳаракат қиламан. Чунки соғлом одамлардан кам бўлмай меҳнат фаолияти юритишни хоҳлайман. Шу ҳолатимда ҳам халққа хизмат кўрсатиб келяпман. Мижозлар мени ҳурмат қилишади.

Халққа ҳизмат қилаётганимдан ич-ичимдан хурсанд бўлиб кетаман. Тўрт мучаси соғлом одамлар ҳам нимадир сўраб яшашга ўрганиб қолган. Улар соғломлигидан фойдаланишмаяпти. Ўтириб меҳнат қилса ҳам бўлади. Айримлар ногиронлиги бор инсонларни аравачада еталаб юриб, унинг устидан пул қилишади. Худди кўргазмадагидек. Мен ёқтирмайдиган одат. Менга жуда оғир ботади”, – дейди Акмалжон Усвалиев.

Булоқбоши тумани ҳокими ўринбосари Бунёдбек Буваматов қаҳрамонимиз ҳақида гапираркан, у тадбиркор сифатида хайр-эҳсон ҳам қилиб туришини айтади.

“Булоқбоши туманида 3500 нафар ногирон инсон бор. Акрам акани ёшлигимдан бери танийман. Мен уни солиқ тўловчи тадбиркор сифатида ҳам биламан.

Ўзи қийналаётганига қарамай, 15 нафар ишчини иш билан таъминлаб, қозонини қайнатиб келмоқда. Бизга, барчага ўрнак бўладиган инсондир. Байрам кунлари топган даромадидан қийналиб қолган оилаларга ҳомийлик ҳам қилади”, – дейди ҳоким ўринбосари.

Акмалжоннинг ҳаётида катта ўзгариш қилган нарса – бу электр ёрдамида ҳаракатланувчи ногиронлик араваси бўлган. Германиялик сайёҳлар совға қилган электрарава билан у ўзи хоҳлаган жойга бировнинг ёрдамисиз бора олади. Бироқ ўн йил олдин олинган мазкур арава эскириб, тез-тез бузиладиган бўлиб қолган.

“Таъмирлаш учун эҳтиёт қисмларини топиш қийин бўляпти. Янгисини олай десам, ҳеч ишчилар маоши ва рўзғордан орттириб бўлмаяпти”, дейди Акмалжон.

Тадбиркор кўп йиллик меҳнатлари учун “Жасорат” медали билан тақдирланган.

“Мен бу мукофотга лойиқ кўрилганимдан фахрланаман. Байрам кунлари тақиб чиқаман.

Мамлакатимизда барча тенг ҳуқуқли. Шуни ҳисобга олган ҳолда, чет давлатлардагидек бизда ҳам имконияти чекланганлар учун дўкон ва бошқа жойларнинг кириш жойларида пандуслар (ногиронлар йўлаги)ни кўпайтириш керак деб ҳисоблайман. Имконияти чекланганлар ишлаши учун алоҳида фабрика ҳам керак. Чет элларда, кўзи ожизлар ҳам қўл ҳаракати билан ишлайдиган корхоналар бор”, – дейди у.

Акмалжонга суҳбатимиз якунида “Сизнингча, ҳаёт ҳикмати нимада?” деган саволни бердик. Суҳбатдошимизнинг жавоби қуйидагича бўлди: “Ҳаёт ҳикмати – бу қийинчиликларни енгиб ўтишда”.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Оператор ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти