Сарбонтепа маҳалласида яшовчиларга кўра, канал қирғоғининг ўпирилиши анча аввалроқ – 24 апрелда бошланган, ўша куни қирғоқдан сув сизиб чиқа бошлаган. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, сув тошқини тафсилотларини ўрганди.
Туманнинг Ширмонбулоқ қишлоғига етиб борганимизда махсус техникалар ёрдамида аҳоли хонадонларига тўлган сувни ташқарига чиқариш ишлари олиб борилаётган экан. Кимдир уй ичида қолиб кетган кўрпа-тўшакларни ташқарига ташиган, яна кимлардир девор тагини ичкаридан тешиб хонадонда тўпланган сувни кўчага чиқаришга ҳаракат қиларди. Томорқаларга экилган чеснок ва картошкаларга ҳам зарар етган. Қайси бир хонадон “навеси” йиқилган. Яна бир хонадон эгалари эса балчиқни аравага солиб ташқарига ташишарди.

Сарбонтепа маҳалласи аҳолисининг айтишича, канал қирғоғи ўпирилиши ҳодисаси асли 24 апрелдан бошланган. Шу санадан бошлаб қирғоқдан сув сизиб чиқишни бошлаган.
“Гувала уйимиз қисирлашни бошлади”
“Пешин маҳали эди. Бир пайт тўсатдан сув келиб ҳамма ёқни босиб кетди. Саросимага тушиб қолдик. Сув уйлар ичигача кўтарилиб кетди. Маҳаллага чиқиб одамларни ёрдамга чақирдик. Кўряпсиз аҳволни. Мана, сув тизза бўйидан баланд. Ариқ ичи ҳамма ёқ вайрона, сув босиб кетган. Уйлар ичи ҳам сувга тўлди.


Уй ичидаги буюмларни олганимизча олдик. Қолгани қолиб кетди. Ертўлалар сувга тўлди, деворлар аллақачон қисирлашни бошлади. Кўряпсиз, гувалада урилган уй, пишиқ ғиштмас, гувалада бўлган. Қўрқиб турибмиз, Аллоҳ сақласин”, дейди Мирзоҳид Ғозиев.
Мебелларимизни олиб чиқолмадик...
“Пешинга тайёргарлик кўришни бошлаган пайтим уйимизни сув боса бошлади. Невараларни уйга олиб кириб қўйиб, ташқарига югурдим. Аввалига сув йўлини тўсишга ҳаракат қилдик, лекин эплолмадик.

Тез орада уй ичигача сув лиммо-лим бўлди. Кўрпаларни таший олдим холос, қолган мебеллар ичкарида қолди. Невараларни бувасиникига жўнатиб юбордик, ўзимиз югур-югур таш-таши бўлиб, ҳамма ёқ остин-устун бўлди”, дейди уйи сувга тўлган Моҳидил Ғозиева.












