Жаҳон | 10:47 / 28.02.2022
25879
3 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Европа иттифоқи санкциялари остида қолиши мумкин 

Европа иттифоқи Россия давлат компаниялари ва оммавий ахборот воситалари юқори мансабдор шахслари, шунингдек, мамлакатнинг баъзи бадавлат кишиларига нисбатан санкциялар қўллаш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди. 

Фото: The Times

Унга кўра, USM холдинг асосчиси ва энг йирик акциядори Алишер Усмонов, «Альфа-Групп» эгаларидан бири Михаил Фридман, «Альфа-банк» директорлар кенгаши раиси Петр Авен, «Северстал» директорлар кенгаши раиси ва асосий акциядори Алексей Мордашов чекловлар остида қолиши мумкин. Бундан ташқари, ЕИ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга нисбатан санкциялар қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Аввалроқ Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари «қора рўйхат»ни кенгайтиришга ваъда бериб, Россияга қарши янги санкциялар бўйича келишиб олганди. Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга кўра, рўйхат душанба куни тузилади ва эълон қилинади. Унинг таркибига россиялик сиёсий арбоблар, олигарх ва ишбилармонлар киради, уларнинг «қора рўйхат»га киритилиши катта иқтисодий таъсир кўрсатади.

24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донбасс республикалари раҳбарларининг мурожаатига жавобан Украинада махсус ҳарбий операция ўтказилишини эълон қилди. 

Бунга жавобан ғарб давлатлари ҳам шахсий, ҳам соҳаларга тегишли санкцияларни киритди. Санкциялар Россиянинг давлат қарзи ва банк секторига нисбатан ҳам тааллуқли.

Бундан олдин, Украина президенти Владимир Зеленский кейинги 24 соат Украина учун ҳал қилувчи бўлишини айтганди.

У Буюк Британия бош вазир Борис Жонсон билан телефон орқали мулоқоти чоғида шундай деган. Даунинг-стрит хабарига кўра, Жонсон Украина мудофаасига ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берган.

Украина қуролли кучлари бош штабига кўра, тўрт кун ичида Россия армияси 4500 кишини йўқотди. Бу рақамга ўлганлар, ярадорлар ва асирлар кирадими ёки фақат ҳалок бўлганлар кирадими, номаълум. Россия Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар ва асирларнинг аниқ сонини айтмаяпти, бироқ 27 февраль куни биринчи марта армияда йўқотишлар бўлганини тан олди.

Мавзуга оид