Жамият | 12:38 / 02.03.2022
12825
2 дақиқада ўқилади

“Бир эмас, икки укам реанимацияда” — хорижда жигарлари учун жигарини бераётганлар

Марғуба опанинг бир эмас, икки укаси Ҳиндистондаги клиниканинг жонлантириш бўлимида. Бири жигар циррозига чалинган, бошқаси унга ўз жигарининг бир парчасини берган. Лекин уларни ҳозир қийнаётган муаммо – клиника учун тўланадиган маблағнинг йўқлигида.

Дуоларда аҳли жаҳонга соғ-саломатлик сўрашда ҳикматнинг кўплиги қанчалар ҳақиқат. Бир инсоннинг дардга чалиниши фарзандларга етимликни, ота-оналарга фарзанд доғини, қондошларга жигарини йўқотишдек кулфатларни келтиради. Фарғонанинг Олтиариқ туманида вояга етган Ҳамиджон Мадраҳимовнинг жигар циррозига чалиниши ортидан ҳозир оиланинг уч аъзоси Ҳиндистонда. Донорлик учун укасига жигарининг бир парчасини бериш ниятида хорижга бирга борган опаси Марғубахон Маҳкамованинг таҳлил натижалари бунинг аксини кўрсатган. Шундан сўнг Ҳамиджонга укаси Умиджон донорлик қилиш учун борган ва операция ўтказилган. Аммо айни вақтда ака-укаларнинг иккиси ҳам жонлантириш бўлимида.

Бор-йўқларини сотиб, қарз-ҳавола билан кетган бемор ва унинг яқинлари мусофир юртда клиника харажатлари учун тўловларни амалга ошира олмай мушкул вазиятда қолишган.

“Укам 2011 йилдан бери жигар циррозидан азият чекади. Орадан 10 йил ўтиб касаллик ўта оғир даражага етиб келди.

Ҳозир Ҳиндистондаги клиникада икки укам билан 18 соат давом этган операция жараёнини ўтказдик. Аммо клиникадан катта миқдорда қарз бўлиб қолдик. Жуда қийин аҳволдамиз”, — дея куйинади опа.

Айни вақтда ака-укаларнинг аҳволи оғир, жонлантириш бўлимида ётишибди. Хорижлик шифокорлар уларга яна бир ой давомида клиникада назорат остида бўлишлари кераклигини айтишган. Буларнинг барчасига эса маблағ зарур.

Ҳамиджон ва донор укаси Умиджонларнинг 2 нафардан фарзандлари бор. Уларнинг соғ-саломат қайтишларини Ўзбекистонда ота-оналари ва фарзандлари муштоқ бўлиб кутишмоқда. Мусофирчиликда бир эмас, икки укасини жонлантириш бўлими эшиги тагида илинж билан кутаётган опанинг ҳолини жигари борлар яхши тушунишади.

Ҳамиджон Мадраҳимовга оид маълумотлар: 

Uzcard: 8600 0423 4739 6722 опаси Марғубахон Маҳкамова номида

Humo: 9860 0309 6088 8219 укаси Умиджон Мадраҳимов номида

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид