Ўзбекистон | 15:36 / 07.03.2022
20132
3 дақиқада ўқилади

Чорванинг ортидан Captiva минган аёл

Навоийлик 37 ёшли Қалдигул Ермекова 12 йилдан буён чўпонлик қилади. Конимех чўлларида отар кетидан от чоптириб юрадиган бу аёл ўз меҳнати билан кўп нарсаларга эришган. Унинг фикрича, агар ишонч бўлса, эркак қилган ишни аёллар ҳам уддалаши мумкин.

Навоий вилоятида номдор чўпонлар кўп. Бироқ бу касбни эгаллаган аёллар саноқли. Улардан бири конимехлик Қалдигул Ермекова. Унинг ота-бобоси чўпон ўтган. Оилада 5 нафар қизнинг учинчиси. Опа-сингиллари ўқитувчилик ва шифокорлик каби турли касбларни эгаллашган. Қалдигул эса отаси изидан бориб, чўпонликни танлаган. 

Қалдигул Ермекова туманнинг Саржал овули ҳудудида чорвачилик билан шуғулланади. 4 йил олдин ўзи алоҳида отар ташкил қилган. Ҳозир “Конимех-Саржал-Қосай” МЧЖнинг 400 бошдан ортиқ қўйини боқади. Ўзининг чорваси ҳам 400 бошга яқин.

Баҳор яхши келса, чорвачилик ҳам, деҳқончилик ҳам яхши бўлади. Яқин кунларда туғум мавсуми бошланади. МЧЖнинг 400 бош она қўйи бор менда. Шундан 300 бош қўзи қўямиз, деган ниятдамиз. Бу йилги қиш ҳам яхши келмади. Чорвани 4-5 ойдан бери фақат ем билан олиб чиқдик. Бу ҳам қийинчилик. Чўпонликнинг орқасидан Lacetti ва Captiva миндим. Меҳнатим билан ўзим отар ташкил қилдим. Совуғи-иссиғи демайсиз бунинг. Қийин экан, деб ташлаб кетиш йўқ. Мен ҳам қўй боқсам, мен ҳам шунақа машина олсам, дейдиганлар бор. Аммо енгил эмас, қийинчилиги кўп бунинг. Чидаганга беради”, — дейди у.

Қалдигул ўзи от миниб, қўй боқади.Қишнинг изғиринида ҳам, ёзнинг жазирамасида ҳам отар ортидан қолмайди.Чорвадан ортиб, уй ишларига ҳам улгуради.

 

Унинг таъкидлашича, агар ишонч бўлса, эркак қилган ишни аёл ҳам уддалайди:

Мен аёлман, бу ишни қилолмайман, деб ўзидан қўрқиш бўлиши мумкин. Эркак қилган ишни аёл ҳам уддалайди. Бизнинг камчилигимиз, ўзимиз учун талпинмаймиз. Фақат ёрдам пулини кутиб ўтирамиз. Бировга ишониб яшаш керак эмас. Ўзимнинг тирикчилигим деб меҳнат қилса, баракаси ҳам бўлади. Билганимиз ёрдам пули ва бола пули. Шунга ишониб қолганмиз. Аслида ишлаш, меҳнат қилиш керак”.

Қалдигул Ермекова қўйлари сонини минг бошдан ошириш ниятида. Бунинг учун унда шижоат ҳам, сабр ҳам, имконият ҳам етарли.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид