Помир тоғидаги яйловларга олиб борадиган йўл ўта хавфли. Тик тоғ йўллари фақат бурилишлардан иборат. Битта нотўғри қадам ва сиз бу ҳаёт билан видолашасиз.
Чўпон хонимлар қўй, эчки, қўтосларга йўлдан адашмаслиги ва пастга қулаб кетмаслиги учун ҳуштак чалиб боради.
«Авваллари қорамоллар ҳозиргидан анчагина кўп эди. Баъзилари қочиб ҳам кетарди. Уларнинг ичида қайтиб келадиганлари ҳам, келмайдиганлари ҳам бўларди», — дейди 70 ёшни қоралаб қўйган Бано.

Ўнлаб аёл чўпонлар авваллари Покистон шимоли-шарқидаги Қорақурум тоғ тизмаси бўйлаб сурувларини боқиб келган. Улар кичик фарзандларини елкасида опичлаб олишарди. Эрларини эса уйда қолдиришарди. Боиси эркаклар Шимшал водийсида деҳқончилик билан банд бўларди.
Ҳозир эса атиги 7 нафар аёл чўпон қолган.
Кунига 8 соат йўлни қор, ёмғир ва жазирама иссиқда босиб ўтамиз. Авваллари бундай саёҳат аёлларнинг 3 кунини олган бўлса, бизга буниси 5 кунга тушяпти. Тажрибали кекса чўпон аёллар доим бизни ортда қолдириб боришади. Биз эса бу вақтда баландлик об-ҳавосига мослашиш билан овора бўламиз.
Ҳар лаҳзда кўчки содир бўлиши мумкин – хавф доим биз билан бирга. Қўйларнинг туёқлари овозидан ер тебранади, тошлар учиб, чанг кўтарилади.
Ҳозиргидек махсус кийимлар (термо кўйлак) ва пойабзалли бўлгунларича бу аёлларнинг тоғда юриши осон бўлмаган.
«Оддий халат киярдик. Оёқ кийимимиз ҳам бўлмасди, ҳатто муз устида ялангоёқ юрардик», — дейди 88 ёшли Аннар.
67 ёшли Афрўза водийда биринчи бўлиб бир жуфт оёқ кийимли бўлган аёл эди. У буни жуда яхши эслайди.
«Турмушга чиққан вақтимда акам менга бир жуфт оёқ кийим совға қилди. Олдинлари одамлар шу пойабзалимни шунчаки кўриш учунгина меникига келишарди. Улар кўйлакларимни ҳам кўпинча тўй учун қарзга олиб туришарди», — дейди Афрўза.
Помирга етиб келдик, денгиз сатҳидан 5000 м баландликдамиз. Кўз олдимизда ям-яшил яйловлар пайдо бўлади. Музлик сувлари эса қор билан қопланган тошлар орасидан ўзига йўл топиб борарди.
«Биз бу жойларда оналаримиз, бувиларимиз билан ёнма-ён юрганмиз. Улар ҳам худди биз каби чўпон бўлган. Сариёғ, қатиқ тайёрлашади», — дейди қўшиқ айтиб, рақсга тушаётган Аннар.

















