Ўзбекистон | 10:08 / 07.03.2022
2148
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙПХ ходимига пора бермоқчи бўлган шахс ушланди

Маст ҳолда машина бошқариб юрган ҳайдовчи ишни бости-бости қилиш учун ЙПХ ходимига 2 миллион сўм пора беришга уринган.

Фото: Fotolia

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 3 март куни соат 17:30 ларда профилактика инспектори томонидан Жарқўрғон тумани Исмоилтепа маҳалласи ҳудудида 1976 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Ў. ўзига тегишли бўлган Matiz машинасини маст ҳолда бошқариб юргани аниқланган.

Инспектор бу ҳақда ЙПХ ходимларига хабар беради. ЙПХ инспектори ҳайдовчини алкотестер мосламаси билан текширганда ҳайдовчи Ҳ. Ў. маст ҳолда экани тасдиқланади. Қоидабузар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва машина вақтинчалик сақлаш жарима майдонига жойлаштирилади.

Ҳайдовчи Ҳ.Ў. ЙПХ ходимига маъмурий баённомани бекор қилиш эвазига 2 миллион сўм таклиф қилади. ЙПХ ходими бу иш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини айтганига қарамай ҳайдовчи Ҳ. Ў. пора таклиф қилишда давом этади.

Шундан сўнг ЙПХ ходими вилоят ИИБ бошлиғи номига фуқаро Ҳ. Ў.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб билдирги билан мурожаат қилади. ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси масъул ходимлари ушбу билдиргига асосан 2022 йилнинг 4 март куни соат 18:30 ларда ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси масъул ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Ҳ.Ў. ЙПХ ходими Б.Ў.га 2 миллион сўмни пора сифатида бераётганида ушланган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жарқўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид