Жамият | 18:35
613
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ЙПХ инспекторини уриб кетиб, ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 6 йилга қамалди

Onix машинасини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб кетаётган ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, ЙПХ ходими Ваҳобжон Мўминовни катта тезликда уриб кетган. Оғир тан жароҳати олган ходим вафот этган. Ҳайдовчи Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбли деб топилди. Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фото: Видеодан кадр

Наманганда ЙПХ ходимини машинада уриб кетиб, ўлимига сабаб бўлган 24 ёшли ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Hilqat TV телеканали хабар берди

ЙТҲ 2025 йил 21 ноябр куни тунги вақтда Давлатобод туманида содир бўлган. ЙПХ ходимлари томонидан Onix машинасига тўхташ ишораси берилган. Бироқ тегишли ҳужжатга эга бўлмаган ҳайдовчи ходимларга бўйсунмасдан қочишга уринган.

Шу вақтда рация орқали олдинроқда хизмат олиб бораётган катта сержант Ваҳобжон Мўминовга мазкур машинани тўхтатиш чорасини кўриш юзасидан хабар берилган. Ваҳобжон Мўминов ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган вақтда ҳайдовчи юқори тезлик билан ходимни уриб юбориб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида транспорт воситасининг ҳаракати чекланиб, ҳайдовчи қўлга олинган. Катта сержант Ваҳобжон Мўминов шифохонага олиб борилган вақтда вафот этган.

ЖИБ Наманган шаҳар суди ҳукми билан судланувчи И.Б. Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми, 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) ва 117-моддаси 2-қисмида (хавф остида қолдириш одам ўлишига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 3 йил муддатга машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Икки қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлган 42 ёшли Ваҳобжон Мўминов 2007 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилиб келган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид