Ўзбекистон | 15:59 / 11.03.2022
6304
2 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги иши тубдан ўзгартирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга янги қувватларни жойлаштириш, уларга шароит яратиш ва маҳаллий корхоналар билан кооперацияни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлашга кўрсатма берилди.

“Очиқ айтиш керак, маҳаллий саноатимиз илм ва инновациядан ажраб қолгани сабабли кўплаб корхоналар янги рақобат шароитига мослашиши жуда қийин бўлади”, деди давлат раҳбари.

Шунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ишини тубдан ўзгартириши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Вазирлик ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантиришда янги технологиялар ва амалий ечимлар олиб кириш билан шуғулланиши зарур.

Бунда, вазирлик вилоят “лойиҳа гуруҳлари” билан бирга 2022 йилда янги ўзлаштириладиган 644 та маҳсулотнинг (2,6 миллиард долларлик) технологик ечимлари билан шуғулланади.

Саноат тармоқлари, йирик корхоналар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида “маҳсулотбай” кооперацияни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада Навоий комбинати биринчи қадамларни қўяётгани таъкидланди.

Комбинат импорт маҳсулотлар ва уларга техник талаблар ҳақидаги маълумотларни “кооперация портали”га жойлаштиргани ҳисобига, олдин импорт қилинган 600 млрд сўмлик маҳсулотлар 18 та маҳаллий корхона томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

Энг муҳими, ушбу 18 та корхона сўнгги 3 йилда кичик корхонадан ўрта ишлаб чиқарувчилар тоифасига ўтиб, иш ўринларини 10 бараварга оширган. Ушбу тажрибани барча тармоқ ва ҳудудлар йўлга қўйиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада 2022 йил учун 4,4 трлн сўмлик кооперация шартномалари тузиш режалари мутлақо қониқарсиз эканлиги таъкидланди. Буни 15 трлн сўмга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжуд.

Шунинг учун 1 июлга қадар жами 283 турдаги импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича тайёр бизнес-режаларни тадбиркорларга таклиф этиш вазифаси қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид