09:30 / 20.03.2022
27433

Ўзбек пахтасидан бойкот ечилди. Соҳани нималар кутмоқда?

Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахтасини бойкот қилиш тўхтатилганини маълум қилганидан сўнг, кўплаб саволлар пайдо бўлди: бойкот ечилгандан кейин нималар ўзгарди, Ўзбекистон учун қандай имкониятлар пайдо бўлди? Kun.uz шу мавзуда мутахассислар билан суҳбатлашди.

Суҳбатдошларимиз – “Chust Textile” корхонаси раҳбари Жамшид Исматуллаев, “Fratelli casa” бренди соҳиби Шоҳрух Қаюмов, “Ўзтўқимачиликсаноат»” уюшмаси раиси ўринбосари Даврон Ваҳобов бўлди.

Шокир Шарипов, журналист: Аввало сўрамоқчи бўлганим – бойкот эълон қилинишидан олдин соҳадаги аҳвол қандай эди?

Ж.Исматуллаев: Текстил соҳасидаги фаолиятимни 2000 йилларда бошлаганман, ўша йиллари ажойиб ҳолатлар бўларди, масалан, катта-катта – BAYTEKS, “Шайхонтоҳур-текстил” каби корхоналар очилиши бошланди ва уларнинг асосий йўналишлари Америка ва Европа бўлган. Ўша пайтда мен ҳам шундай корхоналардан бирида ишлардим ва биз маҳсулотларимизни Американинг бир компаниясига катта миқдорда экспорт қилардик. Россияга эса экспортимиз жуда кам бўларди. У пайтда ишлаб чиқарилган принта ва нақш босиш каби маҳсулотларни ишлаб чиқармасдик, чунки у пайтда бунга талаб бўлмаган.

Жамшид Исматуллаев

Ўша пайтда турклар “Ўзбекистон келажакда жуда катта текстил-ҳабга айланади, Европа ва Америкага буюртмалар Ўзбекистон орқали бўлади ва биз бунда сизларга ёрдамчи бўламиз”, дейишарди. У пайтда кўпчилик Европа корхоналарининг лицензиясини турклар олган ва биз экспортни турклар орқали амалга оширардик. Биз бутун дунёда танилган Puma, Reebok, Nike каби фирмаларга Туркия орқали жуда катта миқдорда мол жўнатардик. Ўша пайтда малакаси кучли туркиялик ва европалик менежерларнинг жуда катта жамоаси Ўзбекистонда фаолият юритган.

Бойкот эълон қилинганидан кейин, 2009 йилдан бошлаб бу буюртмалар рад этила бошланди ва бу менежерлар Ўзбекистондан чиқиб кета бошлади. 2009-2010 йилдан бошлаб биз Россия ва МДҲ давлатларига экспорт қилишни бошладик ва Европа ва Америкага экспорт бутунлай тўхтади. 12 йилдан бери Россия, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатлар билан ишлаб келяпмиз. Агар 12 йил давом этган бойкот бўлмаганида, Ўзбекистоннинг текстил саноати соҳасидаги даражаси бошқача, анча юқорироқ бўларди. Ўзбекистон вақт йўқотди.

Ш.Шарипов: Бойкот бекор бўлди, нимани кутсак бўлади?

Ш.Қаюмов: GSP+га кирганимиздан кейин бизга янги бозорлар очилади деб хурсанд бўлдик. Дўстим Жамшид айтганидек, биз орада 12 йил йўқотдик. Бу муддат давомида биз МДҲ давлатларига экспорт қилганимиз билан, бу давлатлар ва Америка ва Европа талаблари орасида фарқ бор. Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги текстил маҳсулотлари экспортининг 58 фоизи МДҲ давлатларига ва атиги 15 фоизи Европа ва 2 фоизи Америка давлатларига тўғри келди. Бизнинг экспортчилар эса МДҲ давлатларининг талабларига ўрганиб қолишган.

Шоҳрух Қаюмов

Агар Америка ва Европа брендлари Ўзбекистонга кирадиган бўлса, улар ўзларининг дизайни билан кириб келадилар, шунда бизнинг дизайнерларимиз ҳақиқий брендларнинг дизайнини кўрадилар. Бу бизнинг дизайнерларимизга мотивация бўлади. “Мен Nike учун ишлайман, мен GAP учун ишлайман”, дея дунёнинг танилган брендлари учун дизайн бўлимлари пайдо бўлади. Иккинчидан, брендлар келганидан кейин улар маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган материаллар ишлаб чиқариш жараёнининг бошдан охиригача текширадилар, яъни ўртада дунё талабларига жавоб берадиган сифатни аниқлайдиган лабораториялар керак бўлади. Ўзбекистонда бор бунақа лабораториялар ва биттасини мен кўрганман. Бунақа лабораториялар кўпаяди. Текстил соҳаси билан яқиндан таниш бўлмаган одамлар Ўзбекистонда дунё талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар йўқ, сифати талабга жавоб бермайди, деб ўйлайдилар, ҳолбуки бунақа маҳсулотлар бор ва уларнинг кўпи асосан экспортга чиқарилади.

Дунё брендларини Россияники билан солиштирсангиз, матосида ҳам фарқи борлигини кўрасиз. Улар матони танлайди-да, масалан Reebok учун маҳсулот тайёрлашга материални фақат мана шу фабрика беради, дея шарт қўяди. Ўз-ўзидан, бу фабрикада ишлаб турган мутахассислар ривожланади, талабларни ўрганади, профилларига ёзади, “Мен Reebok учун материал ишлаб чиқараман”, дейди.

Биз бошқа давлатларга биринчи материалларимизни ҳам сотайлик. Агар матоларингиз зўр бўлса, сифатли бўлса, иккинчи босқич – тикишни ўрганиб олса бўлади. Тикув сифатли бўлса-ю, мато сифатсиз бўлса, унда бренднинг талаби билан бошқа давлатлардан логистика қилиб материал олиб келиб тикишга тўғри келади. Бу дегани эса материал ишлаб чиқарувчилар талабга жавоб беришга ҳаракат қиладилар ва ривожланадилар. Ана ўшанда, масалан “Чуст текстил” бошқа ишлаб чиқарувчига “мен буюртмани бажаришга улгурмаяпман, мана шу матони сен менга сифатли қилиб чиқариб берсанг, мен баъзи ҳолларда сенга бошқа давлат бераётган нархдан қимматроқ нархда олишга тайёрман” дейиши мумкин, чунки бренд ҳар қандай ҳолатда қимматроқ юради.

Учинчидан, бу давлатлар брендлари келганидан кейин ўзларининг тикиш усуллари, тикиш муддатлари, бизнес-процессларини татбиқ этадилар. Айтиб ўтиш жоизки, масалан бизнинг Бангладеш билан солиштирганда, инфратузилмаларимиз бир хил бўлган тақдирда ҳам, негадир Бангладешдаги маҳсулотлар бизга қараганда арзон чиқади. Бунинг сабаби эса – бизнес-жараёнларнинг нотўғри қўйилганидир. Электр энергияси, маошлар ҳам бир хил бўлган ҳолатда, битта потокда 30 та машинада ишлаб чиқариш бўлган ҳолатда нимага бизда 1500 та чиқарса, Бангладешда 3000 та чиқаради? Бунинг сабаби бизнес-жараёнда, улар – мутахассис.

Бизда турклар, бошқа давлат мутахассислари ишлаганда, уларнинг бизнес-процессни тўғри ташкил қилишга ва маҳсулот таннархини пасайтиришга ҳаракат қилишганини кўрганмиз. Бу нарсалар биз учун мактаб бўлади. Экспортга ишлайдиган ўзбек корхоналарини камситмоқчи эмасман, аммо мингта, миллионта футболка тикадиган промо фабрика бошқа, фалончи брендга футболка тикиш умуман бошқа. Шунинг учун бу бизга тажриба бўлади, фабрикаларда ишлайдиган технологлар ўсади. Аммо бунга бироз вақт керак. Бу тез ўлмайди.

Ва яна хулоса қилиб айтиладигани – бу корхоналарда тажриба ва малакасини ошириб, ўзининг шахсий брендини яратишга салоҳияти етадиган мутахассислар етишиб чиқади. Бутун ишлаб чиқариш жараёнларини кўриб чиққанидан кейин, дунё талабларига жавоб берадиган бренд ярата оладиган мутахассислар етишиб чиқади. Худди шу йўлдан Бангладеш борган.

Ж. Исматуллаев: Шоҳрух дўстим бу ерда жуда тўғри гапларни айтди. Пировардида бизда жуда катта бозор пайдо бўлади. Биринчидан – кадрлар бозори. Мана мен фарзандларимга доим ўқинглар, ўқинглар, деб айтиб келаман. Илгари “мен ўқиб текстилшчик бўламанми?” деган тушунча бўларди. Ҳозир эса текстил саноатида хоҳ бўёқчи бўлсин, хоҳ калава ишлаб чиқарувчи бўлсин, хоҳ ҳозирги янги-янги дизайнерлар бўлсин, ёки контрол-менежмент бўлсин, яъни сифат тизимини тўғри, халқаро тизимида бошқара оладиган мутахассис бўлсин, шахсан бизнинг корхонамизда 2 минг, 3минг, 4минг доллар маош тўлаш учун имконият ва истак бор. Бизга шунақа мутахассислар керак.

Мен фарзандларимга айтаман: “Қарагин, биз бунақа мутахассисларни чет элдан олиб келяпмиз, сизлар эса бир-нима нарсаларни ўрганиб олиб, чет элда ишламоқчисизлар. Келинглар, биз ўргатайлик, бизга ҳозир ҳар битта корхонада шунақа кадрлар керак бўлади” дейман.

IT’да қанақанги катта ўзгаришлар бўляпти, олдин қанча ойлик оларди ва ҳозир қанча ойлик оляпти. Текстилда ҳам худди шундай бўлади. Агар сифатли мол тикмоқчи бўлсангиз, оддий тикувчингизга юз доллар эмас, 300 доллар ойлик тўлайсиз. Ундан сифатли молни талаб қилиш учун.

Тўғри гапни айтингиз. Масалан, иккита корхонани солиштирайлик, “А” корхона билан “Б” корхонани. Биттаси промо футболка тикяпти. “Нечта ишлаб чиқаряпсан? 1000 та, 2000 та, борига барака”. Аммо ҳақиқий андозада ишлайдиган корхонада ҳисоб-китоб бўлади, талаб бўлади, яъни бир дақиқада нечта маҳсулот ишлаб чиқаряпти, нечта ишлаб чиқариш кераклигининг ҳисоб-китоби бор. Ҳисоб-китобни 2000-йилларда кўрганман, Германиядан мутахассислар келарди-да, бизга ўргатишарди: буни қандай қилиб тўғри санаш керак, ускуналар қандай қўйилиши керак, одам неча минут тинмасдан ишлай олади ва неча минутдан кейин унга дам бериш керак, оптимизация қилиш учун. “Нимага сизлар машинани шунақа узун қилиб қўйдинглар, ячейка қилиб қўйиш керак”. Ёки дастгоҳларга қўшимча ўрнатмалар қўйиб туриб, битта қиз тикяпти-да, қийшиқ тикяпти, ўшани қандай қилиб енгиллаштириш... жуда кўп нарсаларни ўргатишган.

Бу 20 йил олдинги ҳолат. 20 йилнинг ичида нималар ўзгариб кетди уларда! Аммо 20 йил олдин ўргатиб кетган нарсалари ҳозирги кунда ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Ва бир нарсани таъкидлаб ўтаман, ҳозирги текстилшчикларимиз – ўша пайтда илм ўрганган текстилшикларимиз. Эътибор беринг, ўша пайтда олинган билимлар билан кўпчилик мана шунақанги даражага етдик.

Д.Ваҳобов: Ўша битта-иккита заводнинг ичидан чиққан мутахассислар ўзингизнинг мисолингизда...

Ж. Исматуллаев: Менга ўхшаганлар кўп, албатта, ўшанда нимага эришишимиз мумкинлигини кўрганмиз.

Бундан ташқари бу корхоналарда ишлайдиган ишчи мутахассисларнинг фарзандлари ҳам шу корхонага кириб ишлашга қизиқади. Албатта мен шундай бўлишини кутяпман. Ва яна бир нарса...

Биз институт битирувчиларини ишга чақирамиз, ва “нималарни ўрганган бўлсанг унут”, деймиз. Бу аччиқ ҳақиқат. Беш йил ўқиган, тўрт йил бакалавриатда ўқиганларга “ўқиганларингни унут, биз сенга ишлашни бошқатдан ўргатамиз”, деймиз... Шунинг учун ҳозир тўғри ёндашиб, институтларга чет эллик устозларни олиб келиш керак-да, улар айниқса магистратурада тўғри таълимни ташкил этиб беришлари керак. Агар шу ишлар амалга оширилса давлатдан жуда катта ёрдам бўларди.

Ш.Шарипов: Келинг, энди шу ҳақда гаплашайлик, яъни ҳозирги шароитда тўқимачилик саноатини ривожлантиришда давлатнинг роли қандай бўлиши керак?

Д.Ваҳобов: Тўқимачилик саноати соҳасида етишмайдиган босқичларни тўлдириш сиёсатини юритиб, тўғри йўналиш бериш керак. Чет элдан келадиган буюртмаларни бажариш учун ҳар бир тадбиркорга хомашё базасини яратиб бериш керак. Мисол учун, НМ брендининг 5 ёшли қизчалар учун кийим тайёрлаш бўйича буюртмасини бажариш керак дейлик. Улар юқори қисми 100 фоиз пахта ва пастки қисми полиэстер ёки вискоза аралашган мато бўлсин дейди.

Даврон Ваҳобов

Биз бу хомашёни шу ерда қилиб беришимиз керак. Негаки, битта бренд келадиган бўлса, битта жойдан ҳамма нарсани олиб кетай, деган ният билан келади. Чунки бу логистика ва иқтисодиёт қоидаларига мос келади. Тикув цехида шу нарсалар шай бўлиши керак. Давлат тарафидан ҳозир маҳаллийлаштириш, яъни импортни камайтириб, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар бўляпти. Бу фақат тикув цехида тайёрланаётган маҳсулот эмас, балки тикув цехи ишлатадиган материаллар ҳам ўз навбатида тайёр маҳсулот саналади. Масалан, аксессуар масаласини олайлик. Бойкот ечилганидан хурсандмиз, аммо биз ҳар тарафдан тайёр туришимиз керак.

Ш.Шарипов: Хомашёни давлатга юклаб қўйиш – бу эскича фикрлаш эмасми?

Д.Ваҳобов: Йўқ-йўқ. Хомашё импорт бўляпти. Яъни бўялган мато ҳолатида. Ўшани ишлаб чиқаришни буюртма қилиш. Яъни матони ҳар хил турда бўяш. Ҳозирги кунларда бизларда трикотаж мато ва бўяш бўйича “номер один”миз. Лекин ҳозир ўша бўёқхонага 100 фоиз полиэстер матони бўяб бергин десак, қўрқади. “Давлат” деганда лойиҳаларни, янги қилинаётган лойиҳаларни кенгроқ, нопахта бўлган маҳсулотлардан ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, ўша қайсидир келаётган ярим тайёр маҳсулотнинг импорти камаяди. Бу ерда ишлаб чиқариш ривожлантирилади. Мана шу тарафдан ёндашилади.

Ж.Исматуллаев: Аралаш ипни ишлаб чиқариш ва ундан мато ишлаб чиқариш жуда катта инвестицияларни талаб қилади. Шу пайтгача ҳамма ўзи биладиган, ўзи тушунадиган нарсаларига инвестиция қилиб келган. Янгилик киритишдан ҳаммамиз ҳам қўрқамиз. “Бўлармикан бу ёки ишлармикан”, дея шубҳаланамиз.

Ёки дейлик, бу нарсани ўзим ишлаб чиқаргандан кўра Хитойдан олиб келганим анча арзон тушаркан, деб айтади. Кимдир бу ерда “пионер” бўлиши керак. Биринчи бошлаб бериши керак. Лекин орқангизда давлат турса, кўнгил хотиржам бўлади. Бу гапни айтишга уялинмайди, Бангладешда ҳам шундай, бизнеснинг орқасида давлат туради ва тадбиркорларни қўллаб қувватлайди. Жайдаричасига гапирганда давлат “Мен борман, босавер!” дейди. Даврон акам айтмоқчи бўлган гап шундаки, давлат билан тадбиркор дўст ҳозир: “нима керак сизларга, нима берай, нима қилиб берай? ” деяпти.

Мана масалан, трикотаж пахтачилик зўр бўлди, ўз йўлида кетяпти. Аммо аралашда муаммомиз бор. Ёки тўқимада муаммомиз бор...

Д.Ваҳобов: Бутун дунёда ҳамма нарса (кийим-кечак) толадан бўлади. Табиий пахта толаси ва сунъий. 107 млн тонна ишлаб чиқарилади бутун дунё бўйича. Бизларда шунда бир млн тонна табиий тола. 107 млн тоннадан 67 млн тоннаси сунъий тола. Яъни бу полиэстер ҳар хил турдаги, вискоза табиий лекин кимёвий тозалангани модал ва шунга ўхшаганлар. Ҳозир брендларнинг полкасига қўйишимиз учун катта “сет”га кирадиган бўлсангиз, агар ҳар бир толани лабораторияда скрининг аппаратда кўриб чиқадиган бўлсангиз, умумий ҳисобда ўша ерда турган бренднинг 30 фоизи табиий пахта ва 70 фоизи сунъий ҳар хил толалардан бўлган. Бизнинг ҳозирги кунда экспорт қилаётган 3 млрд доллар ҳақида гапирсак, тайёр маҳсулотларимиздаги сунъий толаларнинг аралашуви 5 фоизгача борган.

Ҳукумат чиқарган охирги 53-қарорга мувофиқ сунъий толалардан мато қиладиган ишлаб чиқарувчиларга олиб келинган янги ускуна дастгоҳларнинг қийматидан 10 фоизини давлат қоплаб беряпти. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Мисол учун 5 млн долларлик лойиҳа бўлса, шуни олиб келсанг, давлат 500 минг доллар бераман, деяпти. Нимага? Тадбиркор қизиқсин, ишлаб чиқаршнинг занжирини қўйсин, деб. Бунақа ёрдам керак албатта.

Ж.Исматуллаев: Бир нарсани қўшимча қиламан, мана бойкот бўлган пайтда чақирув бўлган: “ишламанглар!” Ҳозир мана янги чақирув бўлади – “ишланглар!” Аммо ишлаш учун мана HNM келар, ёки “Зара” келар, хўп ишламоқчимиз. Одатда бизга битта мижоз Россиядан бўлса ҳам заказ берса, заказнинг ичида 50 фоизи пахта ва 50 фоизи сунъий толадан қилинган заказлар бўлади. Биз буни қиламиз, буни қилмаймиз деб айтамиз. Балки Россия бизга қулоқ солар, аммо Европа нима дейди? “Бу ерда офис қуриб, бошимизни оғритиб ўтиришнинг нима кераги бор? ” демайдими?

Битта нарсани бу ердан, иккинчи нарсани бошқа ердан олиш нотўғри. Шунинг учун тўғри гап гапириляпти, ҳаммаёқ пахта, чунки бизнинг пахтамиз бор, пахтада биз зўрмиз! Аммо бунинг ўзи қизиқ эмас ҳозир. ЕЧИЛГАН бойкотдан тўғри фойдаланишимиз учун биз фақат пахтадан эмас, сунъий толамиз ҳам, аксессуаримиз ҳам бўлиши керак. Импорт қилиняпти, аммо кўзингиз билан кўрмаган аксессуарга пулни нақд санаб беришингиз керак. Қандай қилиб кўрмай пул берасиз? Нархни осмондан оласиз, масалан 20 цент нарх қўясиз, ҳолбуки унинг Хитойдаги нархи 5 цент. Табиийки, сиз кимлардандир 15 центга қолиб кетдингиз. Бу ҳам биз қилишимиз керак бўлган катта иш. Бойкот кесилди, аммо бу ишларни қилмасак, эртага ҳаммаси зўр бўлиб қолмайди.

Бангладешни мисол қилиб келтирай. Биз ҳар йили пандемиядан олдин Италияга борардик. Италияда, тасаввур қилинг, катта 1000 квадратли жойда кимошди савдоси эмас, балки ким тушди савдоси бўлади. У ерда Бангладешдан 70 фоиз, Вьетнам, Покистон, Хитой, Туркия ва Ўзбекистон, энг оз делегация Ўзбекистондан келади. Қиладиган ишингиз, тасаввур қилинг, 100-200 киши ўтирибди, ҳаммаёқда моделлар, уларнинг ўзининг коллекцияси, образецлар... Ана шу моделларни санаш керак. Бутун маълумот бор. Худди анави судьялар ўтиргандек, тепада столда заказчикнинг вакиллари ўтиради, саволларингиз бўлса, уларга берасиз, қиладиган ишингиз – бир ҳафта давомида тинмасдан нарх санашингиз керак.

Масалан, мингта модел бор. Биз энг кўпи етмишта моделга нарх бера олардик. Нимага? Чунки, қолганини қила олмаймиз. Сунъий тола, бошқа нарсалар... У аксессуарлар Ўзбекистонда йўқ. Ҳатто улар “ўзбекистонликлар, бунга қараманглар, сизлардан барибир бу нарсаларни олмаймиз”, дейишарди. Бангладеш пахтадан қилинган футболкаларга ҳам биздан яхшироқ нарх берарди. Биз ҳайрон қолардик. Алоҳида бориб гаплашганимизда, бир янгилик очилган: улар “биз катта корхона бўлишимизга қарамасдан, орқамизда давлат бор, давлат катта захирада пахта сотиб олади, нарх ўзгармайди, дерди.

Д.Ваҳобов: Жипслаштириб туриб тўғри мониторинг олиб бориш-да, бу. Чунки мониторинг қилмасангиз, эртага 5 цент-15 цент Хитойдан олиб келиш мумкин деган нарсалар бор, лекин у вақтида келмай қолса-чи? Бу ерда тайёр маҳсулот деб контрактга қўл қўйди, ҳамма нарса тайёр, аммо тугмачанинг ўша тури Хитойдан келмай қолди. Бўлди, штрафлар...

Ж.Исматуллаев: Ёки бўлмаса, бир буюртмани олдингиз. Буюртмани олиш билан уни ижро этиб жўнатиш орасида 6-7 ой вақт. Яъни ҳозир биз заказ олсак, уни сентябрда ёки октябрда бажариб бўлиб, юклаб жўнатишимиз шарт. Пули тушишига яна 4-5 ой вақт кетади. Аммо биринчи ип-калава сотиб олишингиз билан ораси 6 ой бўлса, мен 6 ой олдин сотиб олишим керакми дейман-да, яқинроқ қолганида пулимни жалб қилиб олай дейман. 3 ой етади ишлаб чиқаришимга дейман-да, сал кейинроқ сотиб олишга қолдираман. Аммо бу нарх мана бунақа ўзгариб турган пайтда, жуда кўпчилик манаман деган тадбиркорлар биласиз, ўтган йилги нарх ўзгаришидан кўпчилик азият чекди. У ерда “қанақа қилиб буни бажаряпсизлар” десам, “битта нарх белгилаб берилган ва биз 6 ой давомида давлатдан шу нархда сотиб олишимиз мумкин”, деб айтишди. Бу ўша пайтдаги гаплар, балки ҳозир ўзгаргандир. Ўша пайтда биз уларга “зўр-ку бу”, деб ҳавас қилгандик, яъни айланма капитал кафолатланган, иш деярли кафолатланган, фақат ўзи бориб ҳар хил ишларни олади-да ва биз мана шу ишларни олдик, сизлар шу пулларни беринглар, деб айтаркан.  

Шокир Шарипов, журналист

Ш.Шарипов: Давлат идораларига қанақа тилакларингиз бор? Балки, солиқ масаласидами...

Ж.Исматуллаев: Сўнгги пайтларда ишлаб чиқаришда биз сезаётган нарсалар нима? Биринчидан, биз тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи бўлганимиз учун, ўзимизни бошқача ҳис этишни бошладик. Қайси маънода? Бизга давлат бошқача кўз билан қараяпти. Ҳар тарафлама ёрдам. Мана битта мисол, сертификатлар масаласини айтайлик. Сиз боя айтдингиз, Европа билан ишлаш учун сертификатлар олишимиз керак деб. Улар келишади ва айтишади: кимда бунақа сертификат бор? Йўқ бўлса, сиз билан гаплашмайди. У сертификатни оламан десангиз, 50-60 минг. Арзонлари ҳам бор. Аммо жиддийлари 50 мингдан бошланади. Масалан, сиз экспорт қилиб турибсиз бошқа давлатларга. Ҳозирча сиздан ҳеч ким сертификатни талаб қилмаяпти.

Аммо шу 50 мингни чиқариб, келажакда янги бозор учун тайёрмисиз деган савол бор. Одамларнинг фитратида иши зўр кетаётган бўлса, ҳар доим шундай бўлади деб ўйлайди. Чўнтагидан чиқариб, 50 мингга шу сертификатни олгандан кўра, мана бу ишга сарфлаганим яхши, деб ўйлаймиз. Давлат нима деяпти: мен сенга бунинг ёрдамини бераман. Биз сарфлаган пулнинг 80 фоизини компенсация қилиб беряпти. Ўзимнинг мисолимда айтсам, биз бундан фойдаланяпмиз. Баъзида қарор чиқди, унинг ижроси йўқ, деган гапларни эшитиб қоламиз.

Бунинг реал ижроси бор ва биз буни ўзимизда кўрдик. Иккинчиси, “мана, биз харидорларимизнинг логистикангиз бизга тўғри келмаяпти, деган гапларини эшитамиз, мана масалан, Европа санаганда, Бангладешдан олиб келсам мана бунақа бўларкан нархи, Ўзбекистон қаерда жойлашган? У ердан олиб келадиган бўлсам қимматга тушиб кетяпти”, деган гапларни гапиришган ва гапиришади.

Эсингиздами, Даврон ака, Европага боргандик, қанча корхоналар қачон бизни “Зара” билан учраштирасиз деб, хафа бўлиб кетиб қолишди, элчихона ҳам ёрдам беролмади, чунки бойкот бор эди! Биз билан гаплашишни исташмасди.

Илгари биз дардимизни кимга айтишни билмасдик. Ҳозир мана ёрдам берувчиларимиз бор. Муаммолар ечиляпти, “нима ёрдам керак? ” деб сўрашяпти. Қачон бизда исталган соҳа ривожланади – давлат тадбиркорларни эшитса, қийинчиликлар ечилса. Тадбиркорлар ҳам албатта, ғирромлик қилмасдан, берилаётган имтиёзлардан, шарт-шароитлардан тўғри фойдаланиши керак. Шунда бойкот ечилиши натижасини яқин келажакда кўрамиз.

Ш.Қаюмов: Ўзбек текстилини мен учга бўлган бўлардим: етук катта экспортчилар, ички бозорда ишлайдиган текстилчилар, улар ҳам экспорт қилишади атроф давлатларга, ва учинчиси – дизайнерлар. Ўртадагилар бор. Мен масалан шу тоифага кираман. Бир пайтлар ишлаб чиқарувчи бўлганман, ҳозир текстилга оид турли соҳаларда фаолият олиб боряпмиз, кийимимизни E-kommers орқали дунёга сотамиз.

Мана, Туркияга боришади маҳсулот сотиб олиш учун. Асосан Laleli ва Merter бозорларига боришади. Ҳаммаси шу даражада осонки... У ерда Cargo бор, товарни кўтариб юрмайди, фалон жойга жўнат дейди холос...

Бизда ҳам шундай ҳудуд қурилса... Laleli’га ўхшаган, кўчалари билан, ёнида банклари билан, меҳмонхоналари билан, ҳамма керакли нарсаси билан, бозордан аэропортга йўллари билан. Кейин МДҲ вакиллари чақирардик, “келинглар, биз сизларга ҳамма шароит ҳамда гарантияларни берамиз, пулингиз, товарингизга ҳам” деб. Бу жуда катта реклама бўларди. Ҳар келган одам пул ташлаб кетади бизга. Бу биринчи таклиф.

Иккинчиси – Россияга экспорт қилмоқчи бўлганларга шароит яратиш. Россиядаги катта савдо марказларидан жой олиб, маълум ном бериб, тадбиркорларга берилса. Барча МДҲ мамлакатларида буни қилса бўлади. Ўзбек бренди остида савдо қилишади. Буни тадбиркорларнинг ўзи бирлашиб ҳам қилолмайди, давлат томонидан ёрдам керак бўлади.

Энди тасаввур этинг, ўзимизда ҳали айтганимиздек бозор пайдо бўлса, Россияда юзлаб савдо бўлимлари очилса... экспорт анча ривожланади.

Ж.Исматуллаев: Бу яхши таклиф бўлди деб ўйлайман. Бу таклифни бойкот мавзусига яқинлаштирадиган бўлсак, буни Польша ёки Прибалтика давлатларида қилишни ўйлаб кўриш керак. Чунки булар биз учун Европанинг дарвозаси. Ўзбек маҳсулотини дунёга таништиришимиз керак. Давлат-тадбиркор бирлашиб қиладиган ишлар бор, давлатнинг ўзи алоҳида қилиши мумкин бўлган ишлар ҳам бор. Элчихоналар воситасида.

Яна бир масалани айтмоқчи эдим. Бу репутация масаласи. Биз ўзимизнинг ичимизда Европа билан ишлай оладиган корхоналарни таъбир жоиз бўлса, саралаб олишимиз керак бўлади, яъни керакли талаблар қўйилиши, “мана шу даражада ишлаш керак”, деган шартларни қўйиш керакдир балки. Чунки ёмон нарса экспорт қилинса давлат номига доғ тушириб қўйиши, ўрнимизни бошқаларга бериб қўйишимиз мумкин.

Европа билан ишлаш тажрибам бўлгани учун бир нарсани айтмоқчиман. Европада жуда олдиндан режа қилишади, пул тикканингиздан 9-10 ой ўтиб пулингиз қайтиб кела бошлайди. Яъни тадбиркор Европа билан ишлаши учун катта айланма маблағи бўлиши керак. Улар ўзларига нотаниш ўзбек бозорига олдиндан тўлов қилишмайди. Қиладиган иши бу — аккредетив очиш. Шу учун Европа бозорига киришда корхоналаримизга давлатдан ёрдам керак бўлади.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Top