Жамият | 18:22 / 22.03.2022
59512
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова вафот этди

Марям Ихтиёрова кейинги ойда 83 ёшга тўларди.

Театр ва киноактрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшида вафот этди. Бу маълумотни Муқимий театри актёри Отабек Ҳақбердиев ва Маданият вазирлигидаги манба Kun.uz’га тасдиқлади.

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри вокал артисти Марям Ихтиёрова 1939 йилнинг 21 апрель куни Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида туғилган. 1963 йили Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлаган. 1959 йилдан буён Муқимий театрида фаолият юритиб келаётган эди.

Марям Ихтиёрова фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 100 дан ортиқ спектаклларда, жумладан, “Паранжи сирлари” спектаклида Мастура сатанг, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо қилур”да Она, “Тошболта ошиқ”да Каромат, Рисолат, “Жон қизлар”да Кунсулув, “Девона”да Она, “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Хайри, “Алмандар уйланармиш”да Хатича, “Муҳаббат навоси”да Она, “Ойонам-қайнонам”да Қумри, “Меҳр нури”да Норгул момо, Ҳожар, “Жайдари келин”да Карима, “Отабек-Кумуш”да Ўзбек ойим, “Аршин мол-олон”да Жаҳон хола каби образларни юксак маҳорат билан гавдалантирган.

У театр билан бир қаторда кино ва телевидениеда ҳам сермаҳсул ижод қилиб, эл-юртнинг эътиборига тушган. Жумладан, актрисанинг “Водиллик келин” (Ҳалима), “Бувимни қайтаринг”, “Зарба”, “Бомба” (Раҳима), “Дев билан пакана” (Розия), “Эр бермоқ, жон бермоқ” (Мастура хола), “Келгинди келин” (Жаҳон ая), “Осмон яқин”, “Муҳаббатимсан”, “Куч бирликда” бадиий фильмларида, шуниндек, “Кўнгил кўчалари”, “Опа-сингиллар”, “Туташ тақдирлар”, “Она дарё”, “Бир кам дунё”, “Жиблажибон” ва қатор телесериалларда яратган роллари томошабинлар ёдида қолган.

У 1997 йили Ўзбекистон халқ артисти унвони билан, 2016 йили эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Марям Ихтиёрова 1963 йилда таниқли актёр, 2021 йил ноябрида вафот этган Бахтиёр Ихтиёров билан оила қурган. Улар 35 йиллик турмуши давомида икки ўғил ва қиз фарзанднинг ота-онаси бўлган, бироқ жуфтлик кейинчалик ажрашган.

Марҳум Бахтиёр Ихтиёров интервьюларининг бирида эр-хотин муносабатларининг дарз кетишига кенжа ўғли Элёржоннинг ўлими (буйрак етишмовчилиги) сабаб бўлганини айтганди.

Марям Ихтиёрова ўғлининг вафотидан сўнг инфарктга учраган ва бир неча ой касалхонада даволанган.

Мавзуга оид