Ўзбекистон | 10:00 / 25.03.2022
27663
1 дақиқада ўқилади

ДХХ Наманганда «Калашников» автоматини сотмоқчи бўлган шахсни ушлади 

Фото: ДХХ

Наманганда «Калашников» автоматини сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

Косонсой туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 97- (Қасддан одам ўлдириш) ва 182- (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) моддалари билан судланган А.О. Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа туманига бориб, жиноий шеригидан 1 дона АКС-74 жанговар ўқотар қуроли, 3 дона ўқдон ва 43 дона ўқ-дориларни олган ҳамда контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказган.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда А.О. ушбу қурол ва ўқ-дориларни Наманган шаҳрида сотмоқчи бўлганида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодекси 246- ва 248-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид