Жамият | 08:36 / 03.04.2022
19041
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда ноқонуний майнинг фермалар фаолиятига чек қўйилди

Икки ҳолатда давлат манфаатларига 230 миллион сўмдан ошиқ зарар етказилган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолияти билан шуғулланаётган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Янгибозор туман бўлими «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, ДХХ ва ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида фуқаро У.Қ. ўзининг хонадонида ўзбошимчалик билан ҳисоблагичдан ташқари электр тармоғига уланиб, 8 та компьютер ўрнатиб, 372 кун давомида ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолиятини юритиб келгани аниқланган. Бунинг натижасида у электр тармоқлари корхонаси манфаатларига 112,7 миллион сўм зарар етказган.

Шунингдек, мазкур туманда яшовчи яна бир фуқаро К.Қ. ўзининг хонадонида 25 та компьютер ўрнатиб, 198 кун давомида ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолиятини юритиб келгани маълум бўлган. У ўзининг фаолияти давомида электр тармоқлари корхонаси манфаатларига 122,4 миллион сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ ДХХ Сирдарёда ноқонуний майнинг ферма фаолият юритаётганини аниқлаганди.

Мавзуга оид