Ўзбекистон | 07:49 / 05.04.2022
3371
3 дақиқада ўқилади

Меҳнатга лаёқатли аҳолини рўйхатга олиш бўйича янги тизим жорий қилинади

Фото: mahalladosh.uz

Президентнинг “Маҳаллаларда аҳоли бандлигини ошириш ва норасмий бандликни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022 йил 1 апрелдан меҳнатга лаёқатли аҳолини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича янгича тизим жорий қилинади, унга кўра маҳаллаларда барча тоифадаги банд аҳоли:

  • юридик шахсларда банд бўлганлар – “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китоби ҳамда давлат статистика ҳисоботларида;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ёлланма ишчилари, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда деҳқон хўжаликларида банд бўлганлар – Давлат солиқ қўмитасининг ахборот базасида;
  • ҳунармандлар – “Ҳунарманд” уюшмасининг ахборот базасида;
  • ҳақ тўланадиган жамоат ишларида банд бўлганлар ва касб-ҳунарга ўқиётганлар – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Бандлик хизмати” ахборот тизимида;
  • хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш учун кетган шахслар – Ташқи меҳнат миграция агентлигининг “Labour migration” ахборот тизимида ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасида;
  • шахсий томорқаларда банд бўлганлар – Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ахборот тизимида;
  • ер ажратиш ҳисобига банд бўлганлар – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот базасида;
  • ишлаб чиқариш кооперативларида ҳамда касаначилик (уй меҳнати) билан банд бўлганлар – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Бандлик хизмати” ахборот тизимида, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот базасида;  
  • уй шароитида пилла етиштириш, ипак мато, қўлда ипак гилам тўқиш билан шуғулланувчи ҳамда томорқасида тут меваси, тут ниҳоли ва кўчати етиштирувчи шахслар – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ахборот базасида;
  • бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар, тадбиркорлик субъектларига ёрдам берувчи оила аъзолари ҳамда оилавий корхоналарда банд бўлганлар – маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ва меҳнат инспекторларининг жамоатчи ёрдамчилари ҳамда давлат солиқ органлари томонидан;
  • ишсиз фуқаролар – туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан рўйхатга олинади ва ҳисоби юритилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид