Жамият | 17:37 / 06.04.2022
29425
2 дақиқада ўқилади

Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси пора билан қўлга тушди

Тадбиркорнинг 15 500 АҚШ долларини қўлга киритган Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериги ушланди.

Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. ва туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. пора олиш вақтида қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, бу шахслар тадбиркор Р.дан қурилишга рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун 15,5 минг доллар олишган, яна 1 минг доллар олиш вақтида қўлга тушган.

«Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. билан олдиндан тил бириктириб, хусусий тадбиркор Р.нинг ишончига кириб, унга «Мевазор» МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2021 йил давомида жами 15 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввалроқ Зангиота тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари қидирувга берилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид