Жаҳон | 11:37 / 07.04.2022
53370
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Путиннинг қизларига қарши санкциялар киритди

АҚШ илк марта Россия президенти Владимир Путиннинг оила аъзоларига нисбатан персонал санкциялар жорий этмоқда. Санкциялар рўйхатидан унинг қизлари сифатида кўриладиган - Катерина Тихонова ва Мария Воронцова номлари ҳам ўрин олган.

Катерина Тихонова (чапда) ва Мария Воронцова Россия телевидениесида

Оқ уй сайтидаги хабарда айтилишича, Путиннинг «вояга етган фарзандлари»га нисбатан тўлиқ блоклашни назарда тутувчи санкциялар қўлланади. Расмий маълумотларга кўра, Путиннинг икки нафар вояга етган қизлари бор.

Қайд этилишича, мазкур чекловлар уларни «АҚШ молия тизимидан узиб қўяди ва Қўшма Штатлардаги барча активларини музлатади».

Bloomberg агентлиги хабарида айтилишича, Путиннинг қизларига қарши санкциялар қўлланиши - кўп жиҳатдан рамзий қадам ҳисобланади, чунки уларнинг Россиядан ташқарида катта активларга эгалиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, аммо бу орқали президентнинг эътибори жалб қилиниши мумкин.

Шу билан бирга АҚШ Сбербанк, Альфа-банк ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, бош вазир Михаил Мишустин ва собиқ президент Дмитрий Медведевнинг оила аъзоларига қарши ҳам санкциялар жорий этган.

Америкаликлар томонидан Россияга ҳар қандай янги инвестициялар тақиқланади.

Баёнотда таъкидланишича, санкциялар рўйхатига кирган россиялик сиёсатчиларнинг оила аъзолари «Россия халқи ҳисобига бойиган ва Путиннинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлашмоқда».

Путиннинг қизлари ҳақида нималар маълум?
Путиннинг Людмила Путина билан никоҳидан икки қизи бор, улар ажрашгани ҳақида 2013 йилда эълон қилинган. Россия президенти ўз оиласи ҳақида гапиришни хуш кўрмайди, унинг қизлари билан тушган охирги сурати 2002 йилда эълон қилинган.

2002 йилги суратда Путиннинг рафиқаси ва қизларининг юзлари кўринмаган
VLADIMIR RODIONOV/TASS

The New Times журнали ёзишича, Путиннинг катта қизини Мария Воронцова деб аташади. Воронцованинг ҳаёти ҳақида кўп нарса маълум эмас. Reuters маълумотларига кўра, у 1985 йил 28 апрелда туғилган ва бир неча марта фамилиясини ўзгартирган.

Reuters агентлиги 2015 йилда у - Москва давлат университетининг фундаментал тиббиёт факультетини тамомлагани ва эндокринология соҳасида карьера қилгани ҳақида ёзган. Шунингдек, ОАВда Путиннинг катта қизи бизнесмен Йоррит Йоост Фаассенга турмушга чиққани ва Нидерландияда яшаши айтилади.

Фаассен 2007 йилда «Газпром»да бизнесни ривожлантириш бўйича директор лавозимини эгаллаган, аммо кейинроқ компанияни тарк этиб, консалтинг соҳасига ишга ўтган эди (у яқин вақтгача «МЭФ Aудит» директорлар кенгашини бошқарган).

2022 йил мартида Follow the money нашри Фаассен билан боғланган, у эса ҳеч қачон Путиннинг қизига уйланмаганини айтган.

Воронцова - тиббиёт фанлари номзоди. 2017 йилда у номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Скриншот: «Россия 24»

BBC рус хизматининг аниқлашича, Мария Воронцова «Номеко» компанияси ҳаммуассиси ҳисобланади, бу компания Россия соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик хусусий инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этган. Путинга яқин манбалар нашрга бу Россия президентининг катта қизи эканини тасдиқлаган.

Путиннинг кичик қизи, Reuters ва Bloomberg агентликлари 2015 йилда берган маълумотларга кўра «Миллий интеллектуал ривожланиш» фонди директори Катерина Тихонова ҳисобланади. BBC’нинг қатор манбалари бу маълумотни тасдиқлаган.

Бундан ташқари, Тихонова АҚШ молия вазирлигининг 2018 йил 6 апрелидаги пресс-релизида Путиннинг қизи сифатида келтирилган. Путиннинг ўзи эса хавфсизлик масалаларини баҳона қилиб, оиласи ҳақида суҳбатлашишдан бир неча бор бош тортган. У ҳеч қачон Воронцова ва Тихонова билан қариндош эканини тасдиқламаган ва рад этмаган.

2019 йил майида BBC журналистлари Тихонованинг Ломоносов номидаги Москва давлат университети механика институтида ўтказилган номзодлик диссертацияси ҳимоясида иштирок этишган. Тихонованинг иши «Вестибуляр механорецепторлар фаоллигини тузатиш бўйича математик вазифалар» мавзусига бағишланган, унинг илмий раҳбарларидан бири университет ректори Виктор Садовничий бўлган.

Катерина Тихонова. Фото: «Ведомости»

2019 йил декабрида ҳар йилги матбуот анжуманида BBC корреспонденти Фарида Рустамова Путинга унинг қизлари ҳақида савол билан мурожаат қилган, аммо у тўғридан тўғри жавоб қайтармаган. 

2020 йил кузида ОАВда Петербургда яшовчи, гўёки Путиннинг маъшуқаси бўлган Светлана Кривоногих ҳақида ёзилди, у президентнинг дўстларидан «ақл бовар қилмас совғалар» олиб туриши ва «Россия» банки акциядорига айлангани айтилган. Бундан ташқари, нашрнинг ёзишича, Кривоногихнинг қизи Елизавета «давлат раҳбарига ҳаддан ташқари ўхшайди».

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кривоногих ҳақидаги хабарга изоҳ бературиб, бундай аёл ҳақида илк бор эшитаётганини айтганди.

2021 йил кузида эса дунё сиёсатчиларининг молиявий жиноятларини фош этувчи «Пандора архиви»да Путиннинг учинчи қизини дунёга келтиргани тахмин қилинадиган Светлана Кривоногих эслаб ўтилган.

Мавзуга оид