10:55 / 08.04.2022
18708

Дам олиш кунлари шамол тезлиги кучайиши кутилмоқда - «Ўзгидромет»

Бугун республика ҳудудининг катта қисмида илиқ ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистонда ва кечга томон Бухоро вилоятида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, шимолда ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши, чанг бўлиши мумкин, шунингдек, шамол тезлиги 23-25 м/с гача кучайиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кун ўртасига бориб 28-30 даража иссиқни ташкил этади, бу меъёрдан 8-10 даражага юқори бўлади.

9 апрелга ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудига Туркманистондан зич булут қатламлари кириб келиши кутилмоқда, бунинг ҳисобига Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. 

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида кун давомида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 28-30 даража иссиқ атрофида сақланиб туради.

Якшанба куни республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида беқарор об-ҳаво кузатилади, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳарорат 30-35 даража иссиққача кўтарилади.

Дам олиш кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши, чанг бўлиши мумкин.

Top