Спорт | 11:44 / 08.04.2022
22465
2 дақиқада ўқилади

Дзюдочи Элбек Абдуллаев 4 йилга дисквалификация қилинди

Элбек Абдуллаев топширган допинг-синамада 4 та тақиқланган модда аниқланди ва спортчи 4 йилга дисквалификация қилинди.

Дзюдо бўйича 2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритган спортчи Элбек Абдуллаевдан мусобақа даврида допинг-синама олинган. 

Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, +100 кг вазндаги спортчи топширган допинг-синамасида тақиқланган моддалар борлиги аниқланган.

Терма жамоа аъзоси ҳисобланган спортчида бир эмас, 4та Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган рўйхатга киритилган тестостерон, анастрозол, болденон ва оксандролон моддалари аниқланган. Ушбу моддалар, экзоген (ташқаридан организмга киритилган) анаболик андроген стероидлар ҳисобланади.

Спортчи Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлигини содир этган.

Элбек Абдуллаев 2022 йил 3 март куни Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Ахлоқ бўйича комиссияси қарорига кўра 4 йилга дисквалификация қилинди. Дисквалификация даври 2022 йил 3 мартдан 2026 йил 2 мартга қадар этиб белгиланди.

Қайд этилишича, спортчи дисквалификация даври тугагунга қадар терма жамоа таркибида халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларидан четлаштирилади.

Мавзуга оид