12:53 / 09.04.2022
17258

“Мурувват уйини кўрган айрим ҳокимлар ҳушидан кетганди” — Шавкат Мирзиёев фаолиятидаги мураккаб даврни эсга олди

Президент Жиззах вилояти ҳокими бўлган вақтда Зоминдаги “Мурувват уйи”га туман ҳокимларини олиб борганини ёдга олиб, ҳозир ҳокимларда барча имкониятлар борлиги, улар бундан унумли фойдаланиши кераклигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрел куни Тошкент шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ва маҳаллаларни ободонлаштириш ишлари билан танишди. Шундан сўнг Олмазор туманидаги заиф эшитувчи болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатига ташриф буюрди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Меҳрибонлик ва мурувват уйларига ҳар қанча ёрдам берсак арзийди. Пулни ҳам, меҳнатни аямаслигимиз керак. Мана, тадбиримизда муфтий ҳазратлари иштирок этяпти. У кишининг дуоларини олиб, ғайрат қилишимиз лозим. Видеоселектор йиғилишимизда вилоятлар ҳокимлари ҳам қатнашишяпти. Мен ўзим ҳам вилоят ҳокими бўлганман, лекин у пайтларда ҳозиргидек имкониятларимиз йўқ эди.

Жиззахда ишлаганимда Зоминдаги “Мурувват уйи”га барча туманлар ҳокимларини бирга олиб бордим. У ердаги вазиятни, одамларнинг яшаш шароитини кўриб кўпчилик ҳокимлар ўзини ёмон ҳис қилган, ҳушидан кетганлари ҳам бўлган.

Вазиятни таништиргандан кейин ҳокимларга керакли топшириқларни бергандим. Чунки ҳақиқатан шароит оғир эди. Шунга қарамай ўша мураккаб пайтда ҳам барча муаммоларни ҳал қилгандик. Ҳозир сизларнинг қўлингизда барча имкониятлар бор, тўғри фойдаланинглар”, – деди президент мутасаддиларга қарата.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 1996 йил сентябрдан 2001 йил сентябргача Жиззах вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. Шундан сўнг икки йил Самарқанд вилояти ҳокими бўлгач, бош вазир этиб тайинланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

8 апрел кунги йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистонда ярим йилда «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчаси ва SOS болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги 1 619 нафар кўнгли ўксик болалар ўз оиласи ва яқин қариндошлари тарбиясига ўтказилган. Натижада 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи эҳтиёж қолмагани учун ёпилган. 

Қолган 6 та «Меҳрибонлик» ва 11 та кичик болалар уйларида 1 475 та ўрин мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларда 897 нафар етим болалар бор.

«Албатта, болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани, халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофи ва болажонлигини кўрсатиб турибди. 

Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, янада яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка беришни тезлаштириш чораларини кўриш лозим», деди президент.

Top