Ўзбекистон | 15:08 / 07.06.2022
46995
3 дақиқада ўқилади

7 нафар ҳокимга охирги огоҳлантириш берилди, уларнинг ўринбосарлари ишдан олинди

Ер майдонлари аукционга чиқарилишида сусткашликка йўл қўйган 7 нафар ҳокимга охирги огоҳлантириш берилди. Президент видеоселекторда шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқиш давлат лойиҳа институтлари томонидан монополия қилиб олингани, бирорта туман ёки шаҳарнинг бош режаси охирига етказилмаганини танқид қилди.

Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди.

2022 йилда хизматлар соҳасида 120 мингдан ортиқ янги лойиҳани ишга тушириш, хизматлар ҳажмини 435 триллион сўмга етказиш (ўтган йили 283 триллион сўм бўлган) ҳамда соҳада 1,5 миллион иш ўрни яратиш режа қилингани таъкидланди.

«Лекин айрим туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ишларни тўғри ташкил эта олмаяпти.

Мисол учун, хизматлар соҳасида январ-май ойларида 756 минг иш ўрни яратилди. Лекин, иш ўринларининг атиги 232 мингтаси ёки 31 фоизи янги объектларда яратилган. 

Қолган 510 мингта иш ўрни ўзини ўзи банд қилганлар ҳиссасига тўғри келмоқда», деди президент. 

Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринлари яратиш бўйича Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятлари натижа кўрсатгани, Жиззах, Навоий, Хоразм, Қашқадарёдаги ишлар аҳволи эса қониқарсиз экани таъкидланди.

Йиғилишда тадбиркорлар хизматлар соҳасида асосан 3 та масала – ер, бино ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги икки ойда 23 мингдан зиёд ер майдонлари савдога чиқарилди, шундан 12 мингтаси ёки 60 фоизи хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этиш учун қўйилган.

Бунда, 63 та туман ва шаҳарда аукционга қўйилган ер участкаларининг сони 100 тадан кўп бўлса, 27 та туманда 10 тага ҳам етмайди.

Мисол учун, Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Урганч шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманларида савдога қўйилган ерлар сони 10 тадан ошмайди.

Шу боис, фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига нисбатан охирги марта ҳайфсан бериш, ушбу туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.

Аукционга таклиф этилган 45 мингта ернинг 3 мингтаси келишиладиган идоралар томонидан қайтарилгани кўрсатиб ўтилди.

Бунга асосий сабаб ҳудудларнинг бош режаси ёки архитектура режалаштириш лойиҳаларининг йўқлигидир.

Шаҳарларнинг бор-йўғи 30 фоизида бош режа, қишлоқларнинг 1 фоизида  архитектура режалаштириш лойиҳалари мавжудлиги танқид қилинди.

«Очиқ айтиш керак, шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқишни давлат лойиҳа институтлари монополия қилиб олган.

Инвестиция дастурлари доирасида давлат лойиҳа институтларига ҳар йили катта маблағлар ажратиляпти, лекин бирорта туман ёки шаҳарнинг бош режаси охирига етказилмаган. Нархлар ҳам чет эллик ёки хусусий лойиҳа ташкилотлари нархларига нисбатан бир неча баробар қиммат.

Шу боис, қурилиш соҳасини трансформация қилиш бўйича ҳам алоҳида муҳокама ўтказаман», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид