Жаҳон | 14:27 / 09.04.2022
10460
3 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш сабаб озиқ-овқат нархлари кескин қимматлашди – FАО

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) озиқ-овқат нархлари индексига кўра, март ойида буғдой нархи 19,7 фоизга, ўсимлик мойи нархи 23,2 фоизга, шакарнинг ўртача нархи 6,7 ​​фоизга ошган.

Фото: INTERFAX.RU

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) ҳисоботига кўра, Украина-Россия ўртасида юзага келган ҳарбий ҳаракатлар асосий турдаги дон маҳсулотлари ва ўсимлик мойи нархларига босим ўтказмоқда. Бунинг оқибатида март ойида жаҳонда озиқ-овқат нархларининг кескин қимматлашиши кузатилган.

Ўтган ой давомида ФАО озиқ-овқат нархлари индекси 159,3 пунктни ташкил этган ва февраль ойига нисбатан 12,6 фоизга кўтарилган. Бу индекс юритилиб келинаётган 1990 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Қайд этилишича, дон маҳсулотлари нархи 17,1 фоизга қимматлашган. Буғдой ва бошқа донли маҳсулотлар нархининг ошиши бевосита Украинадаги уруш фонида юз берган. Чунки сўнгги уч йил ичида Россия ва Украина жаҳон буғдой экспортининг қарийб 30 фоизини ва жаҳон маккажўхори экспортининг 20 фоизини амалга оширган.

Ўз навбатида, ўтган ойда буғдой нархи 19,7 фоизга ўсган. АҚШдаги экинлар ҳолати билан боғлиқ хавотирлар ҳам нархлар ошишини янада қўллаб-қувватлаган. Маккажўхори нархи бир ой ичида 19,1 фоизга кўтарилиб, рекорд даражага етган. Шу билан бирга, турли мамлакатлардаги гуруч нархларининг динамикаси ўзгаришсиз қолган.

ФАО ҳисоб-китобларига кўра, ўсимлик мойи нархлари 23,2 фоизга қимматлашган. Бу ўсиш Украинанинг жаҳонда етакчи экспортчи эканлиги билан боғланган. Пальма, соя ва колза ёғи нархларига ҳам кунгабоқар ёғи ва хомашёси баҳосининг қимматлашиши таъсир ўтказган.

Март ойида шакар нархлари 6,7 фоизга, йиллик нисбатда эса 20 фоизга ошган. Шакар нархларига таъсир қилган асосий омиллар сифатида хомашё нархининг ошиши ва Бразилия миллий валюта курсининг ўзгариши келтирилган. Шунингдек, Ҳиндистонда ишлаб чиқариш бўйича ижобий прогнозлар нархларнинг янада ошиб кетишига таъсир қилган.

Бундан ташқари, март ойида гўшт нархи ҳам ўртача 4,8 фоизга қимматлашган. Парранда гриппининг авж олиши сабабли асосий экспорт қилувчи мамлакатлардан етказиб беришнинг қисқариши туфайли халқаро парранда гўшти нархи ҳам кўтарилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид