Францияда президентлик сайловлари: Марин Ле Пен Макронни енга оладими?
Якшанба куни французлар президентлик сайловларининг биринчи турида овоз беришмоқда, бугун Европа Иттифоқидаги энг йирик иккинчи иқтисодиёт ва иттифоқнинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги ягона доимий аъзоси бўлган мамлакатда сайловларнинг иккинчи турида иштирок этадиган икки номзод аниқланади - республикада шу вақтгача барча сайловларда ғолиб иккинчи турда аниқланган.

Фото: BENOIT TESSIER
Амалдаги президент Эммануэль Макрон - жамоатчилик сўровларида фаворит бўлиб келмоқда. Аммо унинг сўровлардаги устунлиги 2017 йилдаги ҳолат билан таққослаганда анча пасайган. Макронга Марин Ле Пен ва унинг «Миллий бирлик» партияси жиддий хавф туғдирмоқда: сўровларнинг кўрсатишича, амалдаги президент атиги олти фоиз пункт устунликка эга ва бу 24 апрель куни иккинчи тур бўлишини англатади.
Ҳафта бошида Марин Ле Пен Макронга қарши иккинчи турда ким рақиб бўлиши борасидаги сўровномада 48,5 фоиз овоз олди - бу унинг сиёсий фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич.
Сўровларнинг кўрсатишича, энегрия нархлари ва инфляция даражаси ўсиб бораётган шароитда сайловчиларнинг асосий ташвиши сотиб олиш қобилияти бўлиб қолмоқда. Ле Пен ўз кампаниясини муваффақият билан шу томонга йўналтирган.
Шу билан бирга, сайловчилар Макроннинг иқтисодий сиёсатидан норози бўлишса-да, мамлакатда ишсизлик даражаси сўнгги йилларда энг паст даражада бўлиб келган ва сўралганлар унинг мухолифларидан кимдир бундан яхшироқ натижага эришади деб ўйламаяпти.
Пенсия ислоҳоти эса алоҳида масала.
Ле Пен 62 ёшни пенсияга чиқиш чегараси сифатида сақлаб қолмоқчи ва 20 ёшдан олдин ишлашни бошлаганлар учун бу чегарани 60 ёшгача туширмоқчи.
Макрон оғир ва хавфли ишларда ишлайдиганлардан бошқалар учун пенсия ёшини ошириш заруратини пенсия тизимини барқарор қилиш ва кам миқдордаги пенсияларни ошириш билан изоҳлаган.
Агар у муваффақиятга эришса ҳам, устунлик кичик бўлиши унинг кейинги ислоҳотларни амалга оширишига ёмон таъсир кўрсатади, қолаверса, унинг сўнгги вақтлардаги маҳаллий сайловларнинг барчасида ютқазган марказчи «Олға, республика» партияси июнь ойидаги парламент сайловларида ҳам овозларини йўқотиши мумкин.
Сайловдаги номзодлар

Reuters / Scanpix / LETA
Собиқ иқтисодиёт вазири, 2017 йилда Франция президентлигига сайлангунига қадар ҳеч кимга таниш бўлмаган Макрон 2016 йилда «Олға, республика» партиясига асос солган ва катта партияларни курашга чорлаганди.
Беш йил муқаддам Макрон Ле Пенни осонлик билан мағлуб этганди, аммо, у француз сиёсатида устунлик қилишда давом этган бўлса-да, бу сафарги сайловларда 44 ёшли президентни ўта ўнгчи бўлган рақибга қарши оғир кураш кутмоқда.
Президентлигида Макрон қатор ислоҳотлар ўтказди, хусусан, компаниялар учун ходимларни ишдан бўшатиш жараёнини соддалаштирди, солиқларни камайтирди ва терроризмга қарши курашиш учун хавфсизлик тўғрисидаги қонунларни қатъийлаштирди. Аммо у 2018 йилда «сариқ жилетлилар» қўзғолони туфайли ёнилғи учун солиқ бўйича таклифини қайтариб олишга мажбур бўлганди.
Ишсизлик даражасини 2022 йилгача 10 фоиздан 7 фоизга тушириш бўйича ваъда тўлиқ амалга ошмади, аммо бунда пандемиянинг ўрни ҳам бор, айни вақтда ишсизлик даражаси 7,4 фоизга тушган.
Энди у беш йил мобайнида тўлиқ бандликни, уй хўжаликлари ва корхоналар учун йиллик солиқлар ҳажмини 15 млрд еврога туширишни ҳамда пенсия ёшини босқичма-босқич 62 ёшдан 65 ёшга оширишни таклиф қилмоқда.

Thierry Breton / imago images / PanoramiC / Scanpix / LETA
53 ёшли Марин Ле Пен 2017 йилги сайловларда иккинчи ўринни эгаллаган ва бугунги кунда ҳам у Макроннинг асосий рақобатчиси саналади.
Унинг фамилияси ва у мансуб бўлган оила ўн йиллардан буён Францияда ўта ўнг кучлар билан синоним бўлиб келган. Бугунги кунда эса ўта ўнг электорат бошқа номзод лагерига, Эрик Земмур томонига ўтган. Бу эса Марин Ле Пен сиёсий маргинал репутациясидан халос бўлишига имкон берган. 2017 йилги президентлик сайловларидаги мағлубиятдан кейин у ўз партияси номини «Миллий фронт»дан «Миллий бирлик»ка ўзгартирди.
Марин Ле Пен президентликка номзод бўлиши олдин Европарламент депутати бўлган. Унинг партияси миграцияга ва Европага қарши позицияни эгаллаган ва бу ўз тарафдорлари сонини оширган.
Ўз вақтида Марин Ле Пен бир неча бор ЕИнинг Россияга қарши санкцияларини бекор қилишга чақирган. Якунланган ҳафта давомида унинг Путин билан яқин алоқалари ҳақида Макрон ҳам эслатиб ўтди: у Ле Пен номини тилга олмаган ҳолда, «бошқа номзодлар»ни «Владимир Путинга нисбатан юмшоқлик» ва «Россия билан молиявий алоқалар» учун танқид қилди.
Амалдаги президент Ле Пен 2017 йилда Москвага бориб, Россия президенти қабулида бўлганини, шунингдек, унинг партияси 2014 йил ноябрида сайловолди кампанияси учун «биринчи чех-рус банки» (амалда тўлиқ россияликларники)дан 9 млн евролик кредит олганини назарда тутган.
Бу сайловларда Ле Пен бошпана ҳуқуқини суиистеъмол қилишга барҳам бериш, иммиграцияни чеклаш бўйича референдум ўтказиш ва жамоат жойларида ҳижоб кийишни тақиқлашни ваъда қилмоқда. Ле Пен 30 ёшдан кичиклар учун даромад солиғини бекор қилиш ва ўз ходимлари учун энг кам иш ҳақи миқдорини 10 фоизга оширадиган компанияларга солиқ имтиёзлари беришни режалаштирган.
У шунингдек Европа иттифоқини иттифоқдаги каби умумий қонунлар амал қилмайдиган Миллатлар иттифоқига айлантиришни истайди.
Бошқа номзодлар
Спектрнинг сўл қисмидаги энг таниқли номзод - Эммануэл Макроннинг иқтисодий сиёсатининг ашаддий танқидчиси ва «сариқ жилетлилар»нинг кўзга кўринган тарафдори, фахрий агитатор Жан-Люк Меланшон.
Парижни ҳам ўз ичига олувчи Иль-де-Франс регионал кенгашининг илк аёл раҳбари Валери Пекресс «Республикачилар» партиясидан номзод бўлган. У ўзини «учдан бир қисми Маргарет Тэтчер ва учдан икки қисми Ангела Меркель» бўлган сиёсатчи деб ҳисоблайди.

63 ёшли ультраўнг журналист, ёзувчи ва телешарҳловчи, иммиграция ва ислом динига қарши бўлган Эрик Земмур Францияни «қайта забт этиш» таклифи билан чиққан. У «Реконкиста» партиясидан номзодини илгари сурган. У дастлаб Ле Пенга жиддий рақобат туғдираётганди, аммо ортиқча эҳтиётсизлик билан қилган нутқлари туфайли овозларини йўқотди.

Гринписнинг собиқ фаоли ва 2009 йилдан буён Европарламент аъзоси бўлган Янник Жадо яшиллар партияси номзоди. У Макронни иқлим ўзгаришларига бефарқлик қилишда айблайди ва Франция 20 йил ичида ядровий энергетикасидан воз кечишини истайди - Макрон эса яна олтита ядровий реактор қурилиши режасини қўллаб-қувватлаган. 54 ёшли Жадо юқори даромадга эга бўлганлар учун даромад солиғини ошириш ва энг кам иш ҳақи миқдорини 1500 евро этиб белгилаш ниятини билдирган.
Фабьен Руссель - 15 йил ичида коммунистларнинг илк номзоди. У Франциядаги йирик банкларни миллийлаштириш ва давлат хизматчилари иш ҳақини оширишни, шунингдек, энг кам иш ҳақи миқдорини ойига 1500 еврогача кўтаришни мақсад қилган.
Анн Идальго - Париж мэри, 2017 йилгача мамлакатни бошқарган Франсуа Олланд мансуб бўлган социалистлар вакили, ҳозирда бу партия чуқур инқирозда - 2017 йилги сайловларда улар атиги 5 фоиз овозга эга бўлишган.
Натали Арто, Париж атрофида яшовчи мактаб ўқитувчиси, у учинчи бор ўта сўл кайфиятни ифодаловчи «Ишчи кураш» партиясидан президентликка даъвогарлик қилмоқда, аммо у сўровларда 1 фоиз ҳам овоз ололмаган.
Филипп Путу, автозаводнинг собиқ ишчиси, «Янги антикапиталистик партия» номзоди ва бойликларни қайта тақсимлаш тарафдори.
Сайлов жараёни
Францияда 48,7 миллион киши сайловда қатнашиши мумкин. Лекин бу сафарги сайловда давомат юқори бўлиши кутилмаяпти.
Французлар давлат раҳбарини беш йиллик муддатга сайлаши керак. Агар биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчиликни (50 фоиздан кўп овоз) ололмаса, иккинчи тур ўтказилади. Бешинчи Республика тарихида бирорта ҳам президентлик сайловида биринчи турда ғолиб аниқланмаган.
Франциянинг бошқа вақт зоналарида жойлашган хорижий департаментларида овоз бериш 9 апрелдан бошланган. 10 апрель куни бутун Франция бўйлаб 70 мингга яқин сайлов участкалари ишлайди. Уларда Тошкент вақти билан соат 23:00гача овоз бериш мумкин.
Бу сафарги сайловларнинг биринчи турида бирорта ҳам номзод 30 фоиздан ортиқ овоз жамғариши кутилмаяпти.
24 апрель кунги иккинчи турда рақибидан кўп овоз олган номзод Франция президентига айланади. 13 май куни ҳокимият унга ўтказилади.
13 апрель куни Франция Конституциявий кенгаши 24 апрелга белгиланган сайловнинг биринчи босқичи натижаларини ва иккинчи турга ўтадиган икки номзодни тасдиқлаши керак.
Тавсия этамиз
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
28 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 22:45
-
Бухорода ЙПХ инспекторини обрўсизлантиришга уринган ҳайдовчи 7 суткага қамалди
Жамият | 22:40
-
Фужи тоғига чиқишга уринган хитойлик талаба тўрт кун ичида икки марта қутқарилди
Жаҳон | 22:33
-
BRICS янги валюта яратишни режалаштирмаяпти
Жаҳон | 22:31
Мавзуга оид

14:10 / 07.04.2025
Парижда Марин Ле Пенни қўллаб-қувватлаш намойиши бўлиб ўтди

07:54 / 02.04.2025
Францияда ултраўнг сиёсатчилар оммавий норозилик намойишлар ўтказмоқчи

18:22 / 01.04.2025
Марин Ле Пен қамоққа ҳукм қилинди

11:33 / 01.04.2025