Франция президентлигига охирги икки сайловда Макроннинг асосий рақиби бўлган ўта ўнгчилар етакчиси Марин Ле Пен қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У Европарламент пулларини ўзлаштириб келганликда айбланди ва ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Сиёсатчи энди 2027 йилги президент сайловида номзод бўлолмайди, у пайтда қамоқда бўлади.
4 йиллик қамоқ жазосининг 2 йили шартли, яна 2 йили эса уй қамоғи. Reuters хабарига кўра, апелляция шикояти қаноатлантирилмаса, мухолифат етакчиси 5 йил давомида давлат лавозимларига сайлана олмайди.
Албатта, Франция суди чиқарган бу қарор “Миллий бирлашув” партияси етакчиси Ле Пен учун оғир зарба бўлди. Чунки у узоқ вақтдан бери Европадаги ўта ўнг кучларнинг энг таниқли намояндаси эди. 2027 йилги сайловларда эса унинг ғалабаси деярли аниқ эди. Чунки амалдаги президент Макрон 2 муддат кетма-кет сайлангани боис кейинги сайловда номзод бўлолмайди. Жамоатчилик фикри сўровларида ҳам Ле Пен пешқадамлик қилаётганди. Юқоридаги жазолардан ташқари, Ле Пен 100 минг евро жарима ҳам тўлайдиган бўлди. Прокуратура талаблари деярли тўлиқ қондирилган.
56 ёшли Ле Пен апелляция бериши эълон қилинди ва унинг апелляциялари тугагунига қадар қамоқ жазоси ҳам, жарима ҳам қўлланмайди. Аммо лавозимга сайланишни беш йилга тақиқлаш чораси дарҳол бошланади.
Ле Пеннинг партияси расмий раҳбари, унинг ўнг қўли 29 ёшли Жордан Барделла вазиятга ўз муносабатини ёзиб қолдирган.
“Бугун нафақат Марин Ле Пен ноҳақ ҳукм қилинди, балки Франция демократияси ҳам ўлдирилди”, дейди у. Кейинги президентлик сайловида энди партия Барделланинг ўзини номзод сифатида кўрсатиши мумкин.
Ле Пен бугунгача уч марта – 2012, 2017 ва 2022 йилларда президентликка номзодини қўйган ва 2027 йилда у охирги марта номзод бўлишини айтганди. Энди Ле Пен сайлов олдидан апелляция тартибида ҳукм бекор этилишидан умид қилмоқда. Лекин сайловда у барибир номзод бўлолмайди, чунки 5 йиллик ҳокимият органларига сайланиш тақиқи билан у сайловни ўтказиб юборади.
Маълум бўлишича, пулларни ўзлаштириш ишида яна саккиз нафар европарламент депутатлари ва 12 нафар парламент ёрдамчилари айбдор деб топилди. Судланувчилар пул қонуний асосда ишлатилганини таъкидламоқда.
Ле Пен беш йилга ҳукм қилинганига қарамай, сиёсатдан чекингиси йўқ, деб ёзади машҳур француз нашри Le Figaro. Нашрнинг қўшимча қилишича, Барделла аввалбошидан Ле Пеннинг сиёсий вориси бўлишга тайёрланган. 29 ёшли сиёсатчи мухолифатнинг "Б" режаси, шундай вазиятларда у майдонга чиқиши аниқ эди.













