Жаҳон | 08:34 / 11.04.2022
30541
3 дақиқада ўқилади

Полша Катин қатлиоми бўйича халқаро судга мурожаат қилмоқчи

1940 йилнинг баҳорида НКВД Смоленск яқинида 22 мингга яқин полякни отиб ташлаган. Полша президенти Дуда ишни халқаро судга топшириш ниятида, у айнан қайси суд эканига аниқлик киритмади.

Фото: John Heinis

Полша НКВД (СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги - таҳ.) томонидан Катин ўрмонида полякларнинг оммавий ўлдирилиши бўйича ишни халқаро судга топширмоқчи. «Геноциднинг даъво муддати йўқ», дея маълум қилди Полша президенти Анжей Дуда 10 апрель, якшанба куни. Давлат раҳбари «яқин вақт ичида» тегишли чораларни кўриш ниятида. У Полша қайси судга мурожаат қилмоқчи эканига аниқлик киритмади. 2012 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Катин қирғинини уруш жинояти сифатида таснифлаган. 

Дуда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари тўғрисида ҳам гапирган. «Унутилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар жиноятчилар учун жазосизлик ҳиссини кучайтиради», деди Полша президенти. «Бу уларнинг ворислари ва издошларига яшил чироқ ёқишдек гап», дея қўшимча қилди у. Дуданинг сўзларига кўра, бугунги кунда бунга «Россиянинг мустақил ва демократик Украинага нисбатан аёвсиз тажовузи» мисол бўла олади. 

Полша давлати раҳбарининг баёноти собиқ президент Лех Качински ҳалок бўлганининг 12 йиллигида берилди. Бортида Полша ҳукумати делегацияси бўлган Ту-154 самолёти 2010 йил 10 апрель куни «Смоленск-Северний» аэродромига қўнаётганда ҳалокатга учраган. 

Оқибатда бортдаги барча 96 киши, жумладан, давлат раҳбари ва унинг рафиқаси, мамлакат олий ҳарбий қўмондонлиги вакиллари, таниқли сиёсатчилар, жамоат ва дин арбоблари ҳалок бўлди. Улар НКВД томонидан ўлдирилган Полша зобитларининг хотирасига бағишланган мотам тадбирларига келаётган бўлган. 

1940 йил баҳорида Полша ҳарбий асирларининг биринчи гуруҳи Смоленск яқинидаги Катин ўрмонига олиб келинган, кейинчалик улар НКВД томонидан отиб ташланган. Умуман олганда, Катинда 22 мингга яқин поляк ўлдирилган. Улар асосан 1939 йил сентябрда совет иттифоқининг Полшага кирганидан кейин асирга олинган полшалик зобитлар бўлган.

Тахминан ярим аср давомида Москва қирғиндаги ўз иштирокини инкор этиб, қатлиомда нацистларнинг босқинчи қўшинларини айблаган. 1990 йилга келибгина СССР президенти Михаил Горбачев совет иттифоқи махфий хизмати бунга масъул эканини тан олди.

Мавзуга оид