13:08 / 11.04.2022
21592

Қорақалпоғистонда ўз қизларини калтаклаган она нега бундай қилганини айтди

Ижтимоий тармоқларда Хўжайли туманида аёл ёш болаларини калтаклаб, хўрлаши акс этган видео тарқалди. Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича маълумотларни тақдим этиб, жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қорақалпоғистон ИИВ ходими билан суҳбатда ўз қизларини ҳақоратлаб, калтаклаган аёл нега бундай қилганини айтиб берди.

Қизларимни уриб видеога олганимнинг сабаби эрим Россияда эди, мен фарзандларим билан бирга ёлғиз яшардим. Укалари келиб қарашар дегандим, барибир келишмади. Ўртада ота-онам касал бўлиб, “шок” ҳолатда эдим. Қизларимни урганимдан пушаймонман”, – дейди аёл.

Аёлнинг таъкидлашича, унинг эри 6 йилдан бери Россияда бўлган.

Эримнинг уйидан ҳеч ким келмайди, набираларини уриб, ўлдириб қўйсам ҳам, уларнинг иши йўқ. Видеога ўзим олдим ва эримга жўнатдим, менга раҳми келар, уйидагиларга айтар, ёнимизга келишар деб ўйладим. Лекин ундай бўлмади. Кейин яна видеога олиб жўнатдим, таъсир қилгани йўқ. Худо кўзимни очди. Отам ўлди. Норасидалар кўзёши шу деб биламан”, – дейди у.

Аёлнинг айтишича, воқеа бир йил олдин содир бўлган. Шунингдек, қизларини яқинда текширувга олиб борганда, уларнинг соғлиги яхши чиққан.

“Илтимос, мени кечиринглар. Билиб-билмай қарғаманглар”, – дея халқдан кечирим сўради аёл.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Аёл Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддасига асосан вақтинча ушлаб турилибди.

Бундан олдин Нукусда ёш она янги туғилган чақалоғини кўчага ташлаб кетганди.  

Top