15:08 / 24.04.2022
30567

Рейганни ғазаблантирган жосус: Америкаликларни ёллаган Соломатин ҳақида

АҚШ ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари ҳақида юзлаб китоблар ёзилган, минглаб кинолар ишланган. Совуқ уруш даврида бу икки давлат ўз агентларини рақиби ҳудудига киритиш билан бирга рақиб жосусларини ўзига оғдириб олишга ҳам катта аҳамият берган. АҚШ контрразведкаси учун Борис Соломатин номи ҳалигача шармандали вазиятни англатади. Унинг қанчалар лақиллатганини билган президент Рейган махсус алоқа телефонини синдириб ташлагудек ургани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Разведка тимсоли

Борис Александрович Соломатинни «Асл разведка тимсоли», «Бўрибосар», «Жанговар» каби лақаблар билан улуғлашган. Чунки салкам 40 йиллик фаолияти давомида КГБ ташқи разведкасининг Деҳли, Рим, Нью-Йорк ва Вашингтондаги резидентураларини бошқарган бўлса-да, нафақат из қолдирмаган, балки ақл бовар қилмас маълумотлар тўплаб, СССР мудофаа ва разведкасини таъминлаб турган.

1924 йилнинг 31 октябрида Одессада туғилган Борис исмли болакай ўрта мактабни Тбилисида якунлайди ва артиллерия билим юртида ўқийди. 1942 йилда у урушга жўнайди ва энг мураккаб фронтларда жанг қилиб, ғалабани кичик лейтенант мақомида Берлинда кутиб олади.

Урушдан кейин Москва халқаро институти (МГИМО) талабасига айланади ва 1951 йилда уни битирганидан бошлаб кейинги тақдирини белгилаб берган соҳа ишчисига айланади. У ўз фаолиятини Ҳиндистонда бошлайди ва дастлаб атташелик қилади.

Борис Соломатин Брежневнинг океанортига учган самолёти бортида. Шахсий архивдан

КГБ АҚШга қарши

Соломатинда кишини ром қилувчи, сеҳрлаб олувчи нимадир бор эдики, жуда кўпчилик унинг тўрига тушиб қолган. 1965 йилда у Вашингтонга очиқ резидент сифатида жўнатилади ва 1968 йилгача шу вазифада бўлади. Расман 3 йил Вашингтонда бўлган эса-да, тахминан 20 йил, совуқ урушнинг энг фаол даврида АҚШ йўналишида ишлайди. 1968-1971 йилларда Соломатин КГБ биринчи бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасига кўтарилади. 1967 йилда у Жон Уокерни СССР томонига оғдиришга муваффақ бўлади ва кейинчалик бу АҚШ учун разведка йўналишидаги энг катта муваффақиятсизлик дея баҳоланади.

Соломатин Уокернинг ўзи билан кифояланиб қолмаган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан денгиз офицери Гленн Майкл Соутер (СССР тарафига ўтиб Михаил Орлов номини олган) дунё бўйлаб АҚШ сувости кемалари жойлашувини КГБга тақдим этади. Бу маълумотлар ўз навбатида АҚШнинг СССР олдида нозик нуқтасига айланиб қолади.

Борис Соломатин таклиф қилиши мумкин бўлган нарсалар кўп эмасди. Умуман, СССРга АҚШ разведкаси вакилини жалб қилишнинг ўзи мураккаб эди. Аксини тушуниш мумкин, ғарб ҳаёти, эркинлик, катта пуллар билан иттифоқ жосусларининг кўпчилиги АҚШ тарафига ўтиб кетган. Лекин Соломатин озгина имкониятдан ҳам самарали фойдалана билган.

Алоҳида мавзу – Уокер

КГБ агенти Жон Энтони Уокер

Жон Энтони Уокер КГБ тарихидаги энг «қимматли ўлжа» сифатида таърифланади. 1967 йилда Соломатин томонидан оғдирилган Уокер СССР фойдасига ишлашга ўз укаси Артур ва ўғли Майклни ҳам жалб қилади. Бундан ташқари, ҳарбий денгиз кучларидаги ҳамкасби Жерри Уитвортни ҳам ўзига оғдириб, АҚШ ҳарбий кемаларининг энг махфий имкониятларини КГБга сотади.

Уокернинг КГБ учун ишлаши жуда узоқ, 1985 йилгача давом этган. Бу вақт давомида Уокер нафақат ядровий қуролларга эга сувости кемалари ҳаракатлари харитасини, балки АҚШ мудофаа тизими томонидан СССР кемаларини аниқлаш тизимига оид ўта махфий маълумотларни ҳам етказиб туради.

Уокер олаётган маошига нисбатан анча кўп харажат қилиши билан анча вақт ФҚБ назоратида юради, лекин амалда унга бирор айблов қўйилмайди, иш терговгача бормайди. Уокернинг фош этилишига ўзининг хатоси ёки Соломатиннинг эътиборсизлиги эмас, оилавий ҳолат сабаб бўлади.

Жон Уокернинг хотини ҳамма сирларни, эрининг қилмишларини ФҚБга етказади ва жосус дарҳол қўлга олинади. Тергов давомида у шунча йиллар давомида КГБдан жами 1 млн долларга яқин пул олгани маълум бўлади. Лекин унинг АҚШ мудофаа тизими, хавфсизлик саноатига етказган зарарини миллиардлар билан ҳам ўлчаб бўлмасди. Чунки шунча йиллар давомида сувости кемалари СССР нигоҳи остида сузиб юрганига ақл бовар қилмас, энди бу кемаларнинг махфийлик тизимларини бутунлай ўзгартириш шарт эди.

Маълумотларга кўра, Уокер қилмишларининг реал кўлами ҳақидаги тезкор материаллар билан танишган АҚШ президенти Рональд Рейган қаҳр устида махсус алоқа телефонини уриб синдириб ташлай деган. Чунки Жон Уокер нафақат сувости кемалари, балки Пентагон, Давлат департаменти, Миллий Хавфсизлик Агентлиги каби энг етакчи ташкилотлар ёзишмаларини КГБга сиздириб юргани маълум бўлганди.

Уокер 1985 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади, шериклари ҳам узоқ муддатга панжара ортига равона бўлишади. КГБнинг қимматли жосуси 29 йиллик маҳкумликда ёшини яшаб, 2014 йилда, 77 ёшида қамоқхонада вафот этади.

Соломатин тақдири

Профессионал психологлиги ва инсон онгига чуқур таъсир қила олиш хусусияти билан КГБнинг энг нуфузли ходимларидан бири ҳисобланган Борис Соломатин жосуслик фаолиятини соҳада раҳбарлик, педагоглик билан бирга олиб боради. 1971-1975 йилларда СССРнинг БМТдаги доимий вакили сифатида ишлайди ва қатор лавозимларни эгаллаб, 1988 йилда истеъфога чиқади. Шахсан Андроповнинг ўзи уни «Асл разведка тимсоли» деб атаган ва унга ҳаёти давомида жуда кўплаб мукофотлар берилган.

Соломатин ўз идеалларини бахшида қилган давлат парчаланиб кетишини оғриқли қабул қилади. Лекин у ўз соҳаси чўкишидан олдинроқ кетишга муваффақ бўлганди. СССР тарқалиб, Россия оёққа туриб олгунча разведка тизими жуда оғир даврни бошдан кечирганди.

КГБ генерал-майори, икки карра «Қизил байроқ» ордени соҳиби Борис Соломатин 2005 йилда Москвада вафот этади.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top