Business class | 18:37 / 26.04.2022
337102
4 дақиқада ўқилади

Юлдуз Усмонова энди бизнесда: “MY MED” клиникасига ичкаридан назар

Business Class лойиҳасининг навбатдаги “нишони” – хонанда Юлдуз Усмонова очган “MY MED” клиникаси. Санъаткор бизнесга қандай келиб қолгани, клиника очишга қанча пул кетгани, бу маблағ қанча вақтда ўзини оқлаши ва марказ кимларга мўлжаллангани ҳақида батафсил – BC'нинг янги сонида томоша қилинг.

Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган “MY MED” клиникаси диагностика мақсадида очилган бўлиб, бу ерда беморларга ташхис қўйилади.

Юлдуз Усмонова бу бизнесини бошлаш учун “жуда катта сармоя кетгани”ни айтди.

“Ёшлик пайтлари Марғилонда тўқувчилик билан шуғулланганим учун тадбиркорлик соҳаси мен учун бирмунча таниш. Бунга қарамасдан, етарлича билим ва тажрибага эга маслаҳатчига эҳтиёжим бор эди. Турмуш ўртоғим Мансур ака ана шу вазифани уддалай олди. Билсангиз, Сергели туманида кўплаб қурилишлар амалга ошяпти ва биз ҳам шу ерларда бизнес бошлаш ниятида эдик.

Дастлаб, бу жойда текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган корхона очмоқчи бўлгандик. Аммо бинонинг 2-қаватида клиника очиш ғоясини турмуш ўртоғим анчадан буён ўйлаб, пишириб келаётган экан. Шифокорлар билан маслаҳатлашиб, обдон ўйлаб, клиника очишга қарор қилдик. Клиника номидаги “М” ва “Й” ҳарфлари – турмуш ўртоғим ва менинг исмим биринчи ҳарфларидан олинди.

Сергели туманида на давлат ва на хусусий клиникалар бўлган. Одамлар даволаниш учун шаҳар марказига қатнашига тўғри келарди. Уларнинг мушкулини осон қилиш устувор мақсадларимиздан бирига айланди. Мен клиника бизнесини бошлашдан осони бўлмаса керак, деб юрардим. Аммо клиника очгунча она сутим оғзимга келди десам муболаға қилмаган бўламан. Илк босқичда жуда кўплаб муаммоларга дуч келдик. Клиникага муносиб тиббиёт ходимларини, ускуналарини қидириб топгунча катта маблағ кетиб қолди. Бизнесга жуда катта сармоя кетиб қолган бўлса-да, асло пушаймон эмасман”.

Биз “MY MED” клиникаси билан танишиб чиқдик. Марказ меҳмонлар қабул қилиш хонаси, болалар учун мос дизайнга эга педиатр, замонавий мосламалар билан жиҳозланган гинеколог, ЛОР, кардиолог, невропатолог, офтолмолог ва стерилизация хоналаридан иборат.

Тиббиёт клиникасини бизнес десак бўладими?

“Ҳозирги кунда клиника бизнес кўринишига келиб қолди. Лекин унинг бош вазифаси бу инсонлар саломатлигидир. Тадбиркорлар шуни билиши керакки, клиника бизнесини бошлаш учун жуда катта сармоя керак бўлади, чунки хориждан келтириладиган тиббиёт мосламалари жуда қиммат, тиббиёт ходимларининг маошлари ҳам ҳисобга олиниши керак. Масалан, “MY MED” клиникасида шифокорларга ойлик эмас, қабул қилган мижозининг тўловидан келиб чиққан ҳолда фоизлардан белгиланган: ким биландир 50/50, яна биландир бошқа шаклда келишилган.

Умумий ҳисобда, менимча, тахминан 1 млн доллар маблағ кетиб қолди. Клиника бизнесини бошламоқчи бўлган одам камида 3-5 йил даромад ҳақида умуман ўйламаслиги талаб этилади”, – дейди марказ ходимларидан бири.

Business Class лойиҳасининг асосий эътибор қаратадиган жиҳатлари – бу бизнеснинг рақамларга оид маълумотларидир. Бошлаб олиш учун қанча сармоя кетади, чет элдан келтирилган ускуна нархлари, харажатлар ва албатта, бу бизнесдан қанча даромад кўриш мумкин деган барча саволларга жавоб олишга уриндик. Кўрсатувнинг YouTube'даги тўлиқ талқинини кўриш орқали керакли рақамлар билан танишасиз.

Business Class'ни кузатиб боринг, биз бизнесни ичкаридан кўрсатамиз. Бир-биридан қизиқ компаниялар ҳали олдинда.

Ижодий жамоа:
Элдор Абдулвоҳид
Нуриддин Нурсаидов
Иброҳим Саматов
Афзалбек Муҳаммаджонов

“MY MED” билан алоқа:

+998956503030

+998999810303

Мавзуга оид