Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган “MY MED” клиникаси диагностика мақсадида очилган бўлиб, бу ерда беморларга ташхис қўйилади.

Юлдуз Усмонова бу бизнесини бошлаш учун “жуда катта сармоя кетгани”ни айтди.

“Ёшлик пайтлари Марғилонда тўқувчилик билан шуғулланганим учун тадбиркорлик соҳаси мен учун бирмунча таниш. Бунга қарамасдан, етарлича билим ва тажрибага эга маслаҳатчига эҳтиёжим бор эди. Турмуш ўртоғим Мансур ака ана шу вазифани уддалай олди. Билсангиз, Сергели туманида кўплаб қурилишлар амалга ошяпти ва биз ҳам шу ерларда бизнес бошлаш ниятида эдик.

Дастлаб, бу жойда текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган корхона очмоқчи бўлгандик. Аммо бинонинг 2-қаватида клиника очиш ғоясини турмуш ўртоғим анчадан буён ўйлаб, пишириб келаётган экан. Шифокорлар билан маслаҳатлашиб, обдон ўйлаб, клиника очишга қарор қилдик. Клиника номидаги “М” ва “Й” ҳарфлари – турмуш ўртоғим ва менинг исмим биринчи ҳарфларидан олинди.

Сергели туманида на давлат ва на хусусий клиникалар бўлган. Одамлар даволаниш учун шаҳар марказига қатнашига тўғри келарди. Уларнинг мушкулини осон қилиш устувор мақсадларимиздан бирига айланди. Мен клиника бизнесини бошлашдан осони бўлмаса керак, деб юрардим. Аммо клиника очгунча она сутим оғзимга келди десам муболаға қилмаган бўламан. Илк босқичда жуда кўплаб муаммоларга дуч келдик. Клиникага муносиб тиббиёт ходимларини, ускуналарини қидириб топгунча катта маблағ кетиб қолди. Бизнесга жуда катта сармоя кетиб қолган бўлса-да, асло пушаймон эмасман”.

Биз “MY MED” клиникаси билан танишиб чиқдик. Марказ меҳмонлар қабул қилиш хонаси, болалар учун мос дизайнга эга педиатр, замонавий мосламалар билан жиҳозланган гинеколог, ЛОР, кардиолог, невропатолог, офтолмолог ва стерилизация хоналаридан иборат.