Жамият | 21:27 / 30.04.2022
28819
5 дақиқада ўқилади

“Асосий мақсадим – хусусий университет очиш” — ношир қиз билан суҳбат

Соҳибжамол Каттаева – 24 ёшда, у 1 йилдан бери фаолият юритиб келаётган “Factor books” нашриёти директори. Китоблар орқали миллатни зиёли қилишни асосий мақсадларидан бири деб билади. Соҳибжамол – “Микрофон қизларда” рукнининг навбатдаги қаҳрамони.

Журналистикага кириш ва журналистикадан совиш

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳриданман. Зиёли оила фарзандиман: оилада хоҳишларимиз ҳамиша ҳурмат қилинган.

Яқин қариндошларимиз орасида биринчи бўлиб Тошкентга ўқишга келишни қатъий мақсад қилгандим. Бошида уйдагиларим Тошкентга боришимга қарши бўлишди, бироқ кейин қўллаб-қувватлашган. Шундай қилиб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетига ўқишга кирдим. Факултетимизда амалиётга алоҳида аҳамият бериларди, шунинг учун 2-курсдан бошлаб “Жамият” газетасига амалиётга бора бошлаганман. Бу ерда журналистик материаллар тайёрлаш билан бирга график дизайнни ҳам ўргандим.

3-курсда эса маълум муддат интернет журналистикасида ишлаб ўзимни синаб кўрдим. Гарчи журналистик материал тайёрлаш учун салоҳиятимни етарли деб билсам-да, журналистга хос характер ўзимда йўқ эканини сезиб, бу касбдан совиш пайдо бўлган.

Шундан сўнг олдин қизиқиш, ҳунар деб билган дизайн соҳаси кўпроқ мен учун эканини англаганман.

Дизайндаги илк фаолият

Мана шундан кейин журнал таҳририятига ишга кириб, уларни дизайн қилиш билан банд бўлдим. Журналлар дизайнига ўзгартириш киритишга ҳаракат қилганман. Бироқ мен журналда дизайндан бошқа каттароқ муаммолар борлигини, босма нашрларни етказиб беришда катта муаммолар борлигини англаганман. Босма нашрларни Ўзбекистон бўйлаб тарқатишни йўлга қўйишга оид лойиҳа ишлаб чиқиб, устозларга кўрсатгандим, бироқ улар буни унчалик қўллаб-қувватлашмаган.

Ҳозир ҳам нашрларни тарқатиш билан шуғулланувчи логистика маркази очиш режаларимда бор.

“Тошкентга қайтмайсан”, дейишганди...”

Бакалаврни тугатаётган йилим карантин бошланиб, уйдагилар Термизга қайтишимни қатъий талаб қилишган. Ўқишларимиз ҳам онлайн тугади. Мен эса Термизда қолдим. Бироқ магистратурага ўқишга топшириш ва Тошкентга қайтиш ниятим бор эди. Шунинг учун ҳеч кимга айтмасдан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг дизайн, матбаа соҳасига алоқадор йўналишига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилиндим.

Бир неча ойлик онлайн дарслардан сўнг ўқишлар анъанавий шаклга ўтгани баҳонаси билан яна Тошкентга келдим ва шу ерда босмахонада дизайнер сифатида ишлай бошладим.

Мустақил нашриёт очдим

Бу ердаги фаолиятим давомида босмахона тўлиқ ишлаши учун ўз мустақил нашриёти ҳам бўлиши кераклигини тушунганман ва буни босмахона директорига таклиф қилдим. Буни қилиш менга топширилди. Қисқа пайтда олдин бор бўлган фирмани қайтадан рўйхатдан ўтказиб ишларни бошлаб юбордик. Нашриёт тўлиқ рўйхатдан ўтказилиб улгурмасдан илк марта турк тилидаги китобни таржима қилиб чоп этиш ишларини бошлаб юборгандик. Маркетинг ва сотув ишлари билан ҳам ўзим шуғулландим.

Бир неча ойдан сўнг устозларимдан бири кўмагида нашриётимиз босмахонадан мустақил бўлиб ажралиб чиқди. Шаҳар марказидаги қулай офисга жойлашиб иш бошладик. Ҳозиргача 15 та китоб чоп этишга улгурдик.

Нашриёт илк иш бошлаганда ходимлар йўқлиги сабабли ҳамма вазифани ўзим қилишимга тўғри келган: муҳаррир, корректор, саҳифаловчи дизайнер, маркетинг менежери, ижтимоий тармоқлар орқали юборилган сўровларга жавоб берувчи администратор, курьер, хуллас, ҳамма ишни қилдим. Ҳозир нашриётда 10 нафар ходим ишлаяпти, вақтида улар бажараётган ишларни қилиб кўрганим учун ишни баҳолаш, дедлайн қўйиш кабиларда менга жуда асқатяпти.

Хусусий университет очиш режаси

Менинг режаларим нашриёт очиб китоб чиқаришдан ташқари турли китобхонлик лойиҳаларини ҳам доимий ташкиллаштириб бориш эди. Ҳозир имкон борича мана шу усулда ишлаяпмиз, ўзимизга тегишли лойиҳаларимиз бор.

Нашриёт ишини бошлаганимда катта пул топишни мақсад қилмаганман. Шунинг учун ортиқча даромадимиз кўпроқ бўлса, уни, албатта, янги лойиҳаларга сарфлашга ҳаракат қиламан.

Нашриётдан ташқари логистика маркази, ўқув маркази, хусусий мактаб очишни режа қилганмиз. Бу режаларни босқичма-босқич амалга ошириш орқали эса энг асосий мақсадим – хусусий университет очиш.

Энг муҳими, Аллоҳдан миллатга маърифат улашадиган йўлда бўлишни сўрайман.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид